27 июнь «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни»да президентнинг ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарор билан 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилади.

«Олтин қалам» миллий мукофоти совриндорлари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

  • бош миллий мукофот учун — автомобиль;
  • биринчи ўрин учун — БҲМнинг 200 баравари (60 млн сўм, бунга қадар 43,2 млн сўм эди);
  • иккинчи ўрин учун — БҲМнинг 175 баравари (52,5 млн сўм, бунга қадар 37,8 млн сўм эди);
  • учинчи ўрин учун — БҲМнинг 150 баравари (45 млн сўм, бунга қадар 32,4 млн сўм эди);
  • 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун — БҲМнинг 100 баравари (30 млн сўм, бунга қадар 13,5 млн сўм эди) миқдорида бир марталик пул мукофоти.

«Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар «Илҳом» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ҳужжатга кўра, шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири БҲМнинг 300 бараваригача (90 млн сўм) миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар АОКАга қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда ОАВларда эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида БҲМнинг 50 бараваригача (15 млн сўм) миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади.

Шу билан бирга, амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва ОАВларда эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан очиқ ва шаффоф усулда электрон аниқлаш тизими — махсус электрон платформини ишга туширади.

Бундан аввал, қарор билан 3 йилга ОАВларнинг фойда солиғи икки бараварга қисқартирилиши, бюджет ташкилотларига электрон ОАВларга обуна бўлишга рухсат берилиши ҳақида ёзган эдик.