Ўзбекистон ижтимоий инфратузилма объектларининг энергия самарадорлигини ошириш учун Жаҳон банкидан 143 млн доллар имтиёзли кредит олади, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

30 йил муддатга, шу жумладан беш йиллик имтиёзли давр билан паст фоиз ставкасида ажратиладиган маблағлар Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергияни тежаш тармоқлараро жамғармаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. 800 дан ортиқ мактабгача таълим, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасалари биноларини модернизация қилиш режалаштирилган.

Биноларининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар уларнинг иссиқлик изоляцияси ва иситиш, вентиляция, ҳаво алмашиши ва ёритиш тизимларини такомиллаштиришни ўз ичига олади. Шунингдек, тегишли муассасалардаги кўмир қозонлари қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади. Масалан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панеллари ўрнатилиши мумкин.

Лойиҳа чора-тадбирлари энергия сарфини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, тегишли муассасаларнинг, айниқса, қиш ойларида энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, мактабгача таълим ва мактаб муассасалари ўқувчилари, шифохона беморлари, шунингдек, ушбу муассасалар ходимлари учун ҳарорат қулайлигини ошириш орқали давлат хизматлари сифатини яхшилайди.

Энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, энергия тежаш ва тоза энергия ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш тартиб-қоидаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш лойиҳанинг муҳим натижаси бўлади.

Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, иккинчи ўринда саноат (22%) ва транспорт (20%) соҳалари туради. Туман шифохоналарида истеъмол қилинадиган умумий энергиянинг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи ва мактабларда 97 фоизи биноларни иситиш учун сарфланади.

Жамоат биноларининг аксарияти 1970 ва 1980-йилларда қурилган ва уларда энергия самарадорлигига катта эътибор қаратилмаган. Ушбу иншоотларнинг иссиқлик изоляцияси қониқарсиз даражада ва улар ҳарорат қулайлиги стандартларига жавоб бермайди. Бу биноларда энергия истеъмоли юқори даражада бўлган эски қозонхоналар ва сув иситиш тизимларидан фойдаланилади.

Жаҳон банкининг 2021 йилги тадқиқоти аниқлашича, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали йилига 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқ энергия тежалиши мумкин, шундан тахминан 6810 ГВт/соати иссиқлик ва 240 ГВт/соатданмкўпроғи электр энергияси кўринишида.

«Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган ушбу янги лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Лойиҳа бинолар секторининг ўзгарувчан иқлим шароитларига тайёргарлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш ва атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиришга ёрдам беради», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

«Бу яқинда қабул қилинган Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардан биридир. Унинг устувор йўналишлари орасида миллий иқтисодиётнинг экологик барқарор ўсишга ўтишида Ўзбекистонга кўмаклашиш ҳам бор», — дея таъкидлади у.