Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат 16 сентябрдан кучга киради.

Қўриқлаш фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборатлиги белгиланди:

  • жисмоний шахларнинг ҳаётини ва соғлиғини тажовузлардан ҳимоя қилиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда объектларини тажовузлардан ҳимоя қилиш;
  • қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш;
  • юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларида назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларини таъминлаш.

Миллий гвардияга қўриқлаш фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ўзининг қўриқлаш хизматлари тарифларини тасдиқлаш, давлат, айниқса ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа обектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини қўриқлашни амалга ошириш ваколатлари берилди.

Қонунга кўра, Миллий гвардия қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини сақлайди, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади ва уларга чек қўяди, шунингдек, ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширув материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, Миллий гвардияга келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Қўриқлаш фаолияти билан Миллий гвардия, Президент ДХХ, ДХХ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДБҚ ва Қуролли Кучлар таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларнинг тегишли бўлинмалари шуғулланиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида қўриқлаш фаолиятини чет давлатларнинг жисмоний шахслари ва ташкилотлари, шу жумладан хусусий ташкилотлари томонидан амалга оширишга йўл қўйилмайди, бундан Ўзбекистон ҳудудига қисқа муддатли ташриф билан келган олий даражали меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари мустасно.

Қўриқлаш хизматларини кўрсатишга доир шартномага мувофиқ қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қўриқланадиган объектга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт. Зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори ва шартлари қўриқлаш хизмаларини кўрсатиш тўғрисидаги икки томонлама шартномада белгиланади.

Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектларнинг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчиларининг ҳуқуқлари, шунингдек, ушбу лавозимларга номзодларга қўйиладиган талаблар ўрнатилди.

Ҳужжатда қўриқлаш фаолиятида жисмоний куч, махсус воситалар ва хизмат қуролларини қўллаш шартлари ҳам белгиланган.

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ишчилари ва хизматчилари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хизмат қуролини ҳамда махсус воситаларни олиб юриш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш ҳуқуқига эга, дейилади қонуннинг 23-моддасида (Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш шартлари).

Жисмоний куч ишлатишдан, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўллашдан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан бундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш ҳамда идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчиси ва хизматчисининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун бевосита хавф туғдирадиган ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатишдан, махсус воситаларни ҳамда хизмат қуролини қўлланиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ишчи ва хизматчилар ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши ҳамда энг қисқа муддатларда тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши керак. Жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек, хизмат қуроли қўлланилган барча ҳолатлар тўғрисида прокурорга ва ички ишлар органларига дарҳол хабар берилиши лозим.

24-моддада ҳомиладорлик белгилари кўриниб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланиши, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъект ҳарбий хизматчисининг, ходимининг, ишчиси ва хизматчисининг ҳаётига ҳамда соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилинганлиги ҳоллари мустаснолиги кўрсатиб ўтилган.

25-моддада махсус воситалардан фойдаланиш, 26-моддада эса хизмат қуролидан фойдаланиш шартлари белгиланган.