Сешанба куни гидрометеоролик хабарлар Telegram-канали муаллифи Эркин Абдулахатов Наманган вилояти Косонсой туманидаги «Ертикон» сув омбори остидан сув сизиб чиқаётганлиги ҳақида маълум қилди.

Вилоят ФВБ мутахассислари мутасадди ташкилот масъул ходимлари билан биргаликда сув омборига бориб, вазиятни ўрганди, деб хабар берди ФВВ.

Натижада сув омборидан сув сизиб чиқиши (фильтрация) тасдиқланган.

«Ўрганишлар жараёнида „Ертикон“ сув омборининг иккита ерли жойларидан (5 ва 10 литр сония) сув сизиб чиқиши 2022 йил 13 июнь куни 19:00 лардан бошлангани, дамба (темир бетон)нинг ўзи мустаҳкамлиги, аҳолига ва тўғонга хавф йўқлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Сув сизиб чиқишини бартараф этиш мақсадида «Косонсой» сув омборидан сувни чиқариш тўхтатилган.

«Ертикон» сув омборидан сувни чиқарилиши «Калбува» ва «Муса ариқ» каналлари (авариявий ташлама) орқали 4 м. сониягача оширилган. Таъкидланишича, сув омборидан сувни шу ҳажмда чиқарилиши натижасида 2 сутка ичида сизиб чиқаётган сув (фильтрация) жойлари бартараф этилади.

Ҳозирда ушбу сув омборида вазиятни кузатиб бориш ва ишларни назорат қилиш мақсадида тегишли мутахассисларидан иборат тун-у кун кузатув пости ташкил этилди, дейилади хабарда.