Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни «Реклама тўғрисида»ги янги қонунни имзолади. У уч ойдан кейин, сентябрь ойининг бошида кучга киради. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 28 декабрда қабул қилинган ва 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган.

Қонунда рекламада қўлланиладиган тилга, шунингдек, реклама мазмунини давлат тилидан бошқа тилларга таржима қилишга нисбатан янги талаблар белгиланди.

Янгиланган «Реклама тили» моддасига кўра, аввалгидек, рўйхатдан ўтган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда логотиплар асл тилда кўрсатилиши мумкин. Рекламанинг ўзи давлат тилида тарқатилиши шарт.

Унинг мазмуни қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда бошқа тилларга таржима қилинганда такрорланиши мумкин:

  • рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги маъносини бузмаслиги керак;
  • ташқи реклама объектидаги реклама таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал тарзда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
  • таржима матнининг шрифт ўлчами давлат тилидаги реклама матни шрифтидан кичик бўлиши керак.

Шунингдек, телерадиоканаллар ва босма оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган рекламанинг таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги белгиланди.

Рекламани давлат тилида жойлаштириш ва унинг мазмунини таржима қилиш талаби қуйидаги рекламаларга татбиқ этилмайди:

  • фақат чет тилларида чоп этиладиган босма нашрларда ва бошқа нашриёт маҳсулотларида;
  • материалларни фақат чет тилларида жойлаштирган ахборот веб-сайтларида;
  • чет тилларида эфирга узатиладиган оммавий ахборот воситаларидаги бошқа материалларнинг телевидение, радио, видео ва кинохроника дастурлари кўрсатилиши вақтида.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама муомаласи соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлайди, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради ва унинг талаблари бузилганлик ҳолатлари ва бошқаларни аниқлайди.

Қонунда рекламага нисбатан умумий ва махсус талаблар ҳам белгиланган. Хусусан, рекламада ахборот мазмунининг бузилишига олиб келадиган ва чет эл валютасида нархлар (тарифлар) кўрсатилган хорижий сўз ва иборалардан фойдаланиш тақиқланади.

Аввалроқ, мазкур қонун билан дарсликлар ва дафтарларда реклама бўлиши, миллий ва оилавий анъаналарга зид образлардан, машҳурлар ва тиббиёт ходимлари сиймосидан фойдаланиш, товар нархларини валютада кўрсатиш тақиқланаётгани ҳақида ёзгандик. Қолаверса, рекламаларда ёш таснифи кўрсатилиши ҳам белгиланмоқда.