Ўзбекистон бозорларида арзонлаштирилган махсус расталар ташкил этилди, импорт қилинаётган озиқ-овқатлар эса ўртакашларсиз сотилмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Департамент ҳамда бошқа идоралар раҳбарларидан иборат республика штаби томонидан деҳқон бозорларидаги вазият доимий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, «Даладан дастурхонга» механизми асосида республиканинг барча деҳқон бозорларининг кириш ва аҳоли гавжум бўлган жойларида қарийб 2900 та арзонлаштирилган махсус раста ва савдо нуқтаси ташкил қилинган.

«Ушбу расталарга 445 та чорва, 275 та паррандачилик корхоналари, 500 та картошка, пиёз ва сабзи, 140 тага яқин балиқ ҳамда 870 та бошқа ишлаб чиқарувчилар номма-ном бириктирилиб, маҳсулотларнинг доимий ва мўл бўлиши таъминланмоқда», — деди у.

Шу билан бирга, бозорларга бириктирилган масъул ходимлар маҳсулот ҳажми ҳамда нархларини кунлик мониторинг қилиб, нархи ошиши мумкин бўлган маҳсулот тури ҳудудлар кесимида олдиндан прогноз қилиш йўлга қўйилган. Шунга мувофиқ маҳсулотлар арзон ва таклиф юқори бўлган ҳудуддан нарх ошган ҳудудларга интервенция қилиш, яъни маҳсулот миқдорини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу тизим асосида нархларни мўътадиллаштириш учун жорий йилнинг ўтган даврида 27 минг тн картошка, 32 минг тн пиёз, 18 минг тн сабзи, 5 минг тн карам, 6 минг тн парранда гўшти, 14 минг тн гўшт, 400 млн. дона тухум, 9 минг тн гуруч ва 25 минг тн шакар ишлаб чиқарувчи нархида бозорларга қўшимча равишда киритилиши таъминланган.

Дилшод Раҳимов.

Республика штаби томонидан картошка, пиёз ва сабзини ҳудудлар кесимида марказлашган тартибда етказиб бериш йўлга қўйилган. Сурхондарё вилоятидан республика ҳудудларига қарийб 6 минг тонна эртаки картошка ва 28 минг тонна янги пиёз ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда бозорларга етказиб берилиши таъминланган.

«Ҳозирги вақтда биргина Самарқанд ва Тошкент вилоятларида эртаки картошка ялпи ҳосилга кирган бўлиб, жорий ойнинг ўзида 475 минг тонна ҳосил ички бозорга кириб келиши кутилмоқда», — дейди Дилшод Раҳимов.

Қолаверса, шакар ва ўсимлик ёғи нархига бозор механизмлари жорий этилган бўлиб, товар-хомашё биржаси орқали савдога чиқарилиши жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўрилмоқда. Бунда, биринчи навбатда маҳсулотларни аҳоли эҳтиёжига мос ҳажмда биржа савдоларига чиқарилиши, харид қилинган маҳсулотни муддатида етказиб берилиши ҳамда реализация қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, дейилади баёнотда.

«Масалан, муқаддам шакар биржа савдоларига 1−2 минг тонна чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда 3 минг тоннагача оширилди. Шу каби, ун ва пахта ёғини савдога чиқариш ҳажмлари кўпайтирилди, нархларни сунъий оширган ҳолда битимлар тузиш ҳолатлари бўйича иқтисодий жарималар миқдори оширилди», — деди департамент бошлиғи.

Қайд этилишича, биржада нархларни манипуляция қилиш ёки белгиланган тартибларни бузган ҳолда савдоларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 52 субъектга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилган.

Таъкидланишича, айрим озиқ-овқат товарлари импорт ҳисобидан қондирилишини инобатга олган ҳолда, йирик импортёрлар томонидан маҳсулотларнинг мамлакатга келтирилиши ҳам қатъий назоратга олинган.

«Бу борада имтиёзли фоиз ставкалари билан тақдим этилган кредитлар асосида картошка, ўсимлик ёғи, ун ва шакар хомашёси сотиб олиниши ҳамда мамлакатга олиб кирилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган», — дейилади маълумотда.

Ажратилган кредитлар ҳисобига жами 60 минг тн картошка, 3 минг тн гўшт, 1,7 минг тн ўсимлик ёғи, минг тн ун, 12,7 минг тн шакар келтирилган. «Ушбу маҳсулотлар „биринчи қўл“ тамойили асосида ўртакашларсиз деҳқон бозорларида сотилиши таъминланмоқда», — деди Бош прокуратура вакили.

Бундан ташқари, нархларни манипуляция қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тизимига путур етказувчи жиноятларга қарши муросасиз курашиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. «Ўтган даврда ушбу йўналишда айбдор шахсларга нисбатан 187 та жиноят иши қўзғатилди», — дейди Дилшод Раҳимов.

Эслетиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб пахта, кунгабоқар ёғи ва уруғи ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва меваларини экспорт қилиш вақтинча тақиқланди. Ушбу маҳсулотлар ички бозорда етарли бўлган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси экспортни қайта тиклаши мумкин. Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби ҳам вақтинча тўхтатилди.

Бундан ташқари, 2023 йилга қадар гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби жами 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилди. Қолаверса, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш амалиёти тўхтатиб турилади.