Президент «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги [272-сонли] қарорга имзо чекди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон ҳамда Қатар давлати ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Битим 2021 йил 9 июнда Тошкент шаҳрида собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ва Қатар давлати бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний ўртасида имзоланган.

Унга кўра, битим ҳаво қатновини ташкил этиш, авиакорхоналарни тайинлаш, уларга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, белгиланадиган манзилларни аниқлаш, сертификат ва лицензияларни тан олиш, икки давлатда тайинланган авиакорхоналарнинг ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларни назарда тутади.

Келишувдан шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаро асосда тақдим этилиши ўрин олган.

Ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташувлар бозорини шакллантиришга кўмаклашади.

Транспорт вазирлиги Битимни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.