Ўзбекистон ва Қатар Ҳукуматлари ўртасида «Ҳаво қатнови тўғрисида"ги битим имзоланди. Унга кўра, «Доҳа-Тошкент-Доҳа» йўналишида тўғридан-тўғри авиа қатновларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжатга 9 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов ва Қатар давлати бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим Ол Соний ўртасидаги музокаралар якунида имзо чекилган.

Дунё ахборот агентлигининг маълум қилишича, битим ҳаво қатновини ташкил этиш, авиакорхоналарни тайинлаш, уларга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, белгиланадиган манзилларни аниқлаш, сертификат ва лицензияларни тан олиш, икки давлатда тайинланган авиакорхоналарнинг ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларни назарда тутади.

Келишувдан шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаро асосда тақдим этилиши ўрин олган.

Ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташувлар бозорини шакллантиришга кўмаклашади.

Бундан ташқари, вазирлар учрашувда Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, унинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини билдирган.