Деярли ҳар бир пул бирлиги, айниқса халқаро валюталар ўз белгисига ва тарихига эга. Белгилар ҳам ушбу валюталарнинг хусусиятлари, тарихи билан чамбарчас боғлиқ ва ҳар бир валюта белгиси остида қандайдир тарих ётади. «Газета.uz" ушбу мақолада турли валюталар белгиларининг тарихи ва қандай яралгани ҳақидаги маълумотни тақдим этади.

Доллар — $

Доллар белгисининг ($) кенг тарқалганига ва ҳамма жойда учрашига қарамасдан, унинг келиб чиқиш тарихи мутлақо аниқ эмас. Долларнинг юздан бир қисми ҳисобланадиган «цент» бирлигининг белгиси қандай пайдо бўлгани тушунарли — инглиз тилидаги «c» ҳарфининг устига вертикал чизиқ тортилган, аммо нега доллар белгисида «D» ҳарфи йўқ?

$ белгисининг пайдо бўлишини кўпинча «U» ва «S» ҳарфлари билан боғлашади. Энг машҳур таҳминларга кўра, белги United Stated (Қўшма Штатлар), Uncle Sam (Сэм Тоға — АҚШнинг инсон кўринишидаги тасвирий рамзи) сўзларининг қисқартмаси дея таъкидланади. Ушбу тахмин илк бор 1876 йилда Лондон илмий журналларидан бири Notes and Queries нашрида келтирилган.

Яна бир талқинда доллар белгиси илк бор нью-орлеанлик тадбиркор Оливер Поллок томонидан 1778 йилда ўйлаб топилгани, белгининг айнан у томонидан оммага кўрсатилгани айтилади. Келиб чиқишига кўра ирландиялик бўлган бу тадбиркор Шимолий Америкада 1775−1783 йиллар давомида бўлиб ўтган мустақиллик урушида испанлардан қурол сотиб олиб, америкаликларга сотган. Бу вақтда АҚШда асосий пул бирлиги сифатида испан пиастрларидан фойдаланилган, ушбу бирлик эса қоғозларда «PS» ҳарфлари билан белгилаб келинган. Шунингдек, песо (pesos) пул бирлиги ҳам «Ps» ёки «Ps» кўринишида белгиланган бўлиб, доллар белгисининг пайдо бўлиши ҳақидаги яна бир талқинда «P» ва «S» ҳарфларининг бирлаштирилиши билан изоҳлашади.

Фото: 1792 йилда АҚШ президенти Жорж Вашингтон томонидан ёзилган эски облигация — АҚШ молиявий ҳужжатида доллар белгисининг илк бор қўлланилиши / Getty Images.

Афсуски, доллар белгисининг қандай келиб чиққани борасида аниқ маълумотлар йўқ, гўёки унинг дизайни маъсус кимдир томонидан ишлаб чиқилмагандек. Чунки ушбу белги ҳозиргача турлича тасвирланади — баъзан иккита вертикал чизиқ билан, баъзан эса битта.

Бундан ташқари, айрим манбаларга кўра доллар белгиси испан қироллиги оиласи гербининг бироз ўзгартирилган тасвири бўлиши ҳам мумкин. Умуман олган ушбу — dollar sign белгиси атрофида тахминлар жуда кўп, аммо «доллар» сўзининг келиб чиқишида бундай чалкашлик деярли йўқ. 1520 йилда Богемия қироллиги Иоахимстал шахтасидан олинган кумушдан тангалар ясашни йўлга қўяди. Тангаларни «иоахимсталер» деб аташ қулай бўлмаганлиги учун, тангалар бутун дунё бўйлаб «талер» номи билан тарқала бошлаган. Шунингдек, голландлар қўллаган «далер» сўзи Америкага кўчиб келган илк иммигратнлар билан бирга кириб бориб, кейинчалик «доллар»га айланган бўлиши ҳам мумкин.

Белгининг интернетда ва электрон ҳужжатларда қўлланилишига келадиган бўлсак, $ — 1993 йили расман Юникоднинг илк версияларидан бирига киритилган.

Фунт — £

Буюк Британия расмий валютаси фунт стерлинги белгисининг тарихи долларникичалик чалкаш эмас. Аммо фунт белгиси ҳам анча қадимий ҳисобланади. Фунт пул бирлигининг белгиси £ (ёки ₤) лотин алифбосидаги «L» ҳарфидан олинган. Белги лотин тилидаги «libra pondo» — «фунт оғирлигида» сўзларининг аббревиатурасидан олинган бўлиб, римликлар бу атамани оғирлик ўлчов бирлиги сифатида қўллашган. Англосаксонлардан ташкил топган Англияда эса фунт пул бирлигига, яъни бир фунт оғирликдаги кумушга тенг миқдорга айнланган.

Англосаконлар римликлардан атамадан ташқари, чиройли кўринишга эга белгини ҳам «мерос қилиб олишган». «L» ҳарфи ўртасига тортилган чизиқ эса кейинчалик, белгини оддий ҳарфдан ажратиб олиш учун қўлланила бошлаган.

Ушбу белги маълум бир вақт давомида Италия лирасини (1861 йилдан 2002 йилгача муомаладан бўлган) белгилаш учун ҳам қўлланилган. «Лира» сўзининг ўзи ҳам қадимги Рим империясида қўлланилган оғирлик ва пул бирлиги — «либра» сўзидан олинган.

Pound Sign, яъни фунт белгиси ҳам 1993 йилда расман Юникод белгиларидан бирига айланган.

Евро — €

Евро пул бирлиги 1992 йилда Европа Иттифоқи мамлакати кучларини бирлаштириш мақсадида тузилган Маастрихт шартномаси натижасида юзага келган. € белгиси Европа комиссияси томонидан, танлаб олинган ўнта тасвирлар орасида ўтказилган сўровнома асосида танланган. Евро белгиси — € аслида лотин алифбосидаги «Е» ҳарфидан эмас, балки юнон алифбосидаги эпсилон ҳарфидан олинган. Чунки Греция демократиянинг ватанидир, демократия эса бутун Европа мамлакатларидаги асосий бошқарув тузуми ҳисобланади.

Евро белгиси 1998 йилда расман Юникод белгиларидан бирига айланган.

Юань ва Иена — ¥

Хитой Халқ Республикаси миллий валютаси юань ва Япония пул бирлиги иена бир хил кўринишдаги белгига эга — ¥ (ёки Ұ).

1953 йил 11 май куни Халқаро валюта фонди япон иенасининг паритетини 2,5 мг олтинга тенг деб белгилади ва халқаро валюта номини олди. Шу билан бирга, иена лотин алифбосидаги «Y» ҳарфи кўринишида ўз белгисига эга бўлди (асосан — ¥ кўринишига эга). Кейинчалик худди шу белги Хитой юанини белгилашда ҳам қўлланила бошланди (асосан ўртасига битта чизиқ тортилган кўринишда — Ұ).

Ушбу белгилар ҳам Юникодга 1993 йилдаги илк версияларига қиритилган.

Рубль — ₽

Россия рубли белгисининг ҳозирги кўринишига яқинроқ бўлган кўринишларини 1999−2000 йилларда дизайнер-графиклар ўртасида «Деньги» номли журнал томонидан ўтказилган «Знак рубля» танловида таклиф қилишган.

Графика: «Знак рубля» танлови финал босқичида қатнашган белгилар.

Танловда 300 дан ортиқ муаллифлар 1000 га яқин белгилар таклиф қилишган. Аммо аҳамиятли жиҳати, танлов давомида рубль белгиси XVII-XIX асрларда қўлланиб келингани тўғрисидаги илк далиллар топилди.

Шунингдек, бу каби танловлар 2005−2007 йилларда, жумладан 2006 йилда РИА Новости томонидан ҳам ўтказилган. 2006 йилда бу борада бир қарорга келиш учун Россия ҳукумати жиддий киришади ва валюта белгиси борасида бир қатор талаблар эълон қилинади. 2007 йил ўрталарига келиб бир қатор дизайнерлик студиялари рубль белгисининг ҳозирги кўриниши — ₽ белгисини таклиф қилишади. Бироқ бу борада бир қарорга келиш ортга сурилаверади ва ниҳоят 2013 йилда Россия Банки интернет фойдаланувчилари ўртасида аноним сўровнома ўтказади. Сўровномада 280 мингдан ортиқ кликлар бўлиб, биринчи ўринни олган белгига 61% иштирокчи овоз бергани айтилади. Бироқ сўровнома аноним тарзда ўтказилгани учун энг кўп овоз тўплаган белгилар очиқланмайди. Аммо 2013 йил декабрида 61% овоз тўплаган белги оҳир-оқибат расман рубль белгиси деб эълон қилинади.

2014 йилда рубль белгиси Юникод белгилари қаторига киритилади.

Тенге — ₸

Қозоғистон миллий валютаси тенге ҳам ўз белгисига эга бўлиб, ушбу белги 2006 йилда Қозоғистон Миллий банки томонидан ўтказилган танлов асосида танлаб олинган. Танлов учун юборилган 30 минг тасвир ичидан 2007 йил 29 март куни битта белги — «₸» танлаб олинган. Танловда ғолиб чиққан муаллифларга Қозоғистон Миллий банки томонидан бир миллион тенге (ўша пайтдаги курс бўйича — 8 минг доллар) ва «Альянс» банки томонидан 5 минг доллар миқдорида соврин пули тақдим этилган.

Қозоғистон тенгесининг белгиси 2009 йилда Юникод белгилари қаторига киритилган.

Бошқа валюталар белгилари

Шунингдек, Озарбайжон манати ўз белгисига 2006 йилда (белгиси — ₼), турк лираси 2012 йилда (турк лираси — ₺), Қирғиз соми 2017 йилда («c» ҳарфи остига битта устун тортилган қўринишда) эга бўлган. Валюта белгисини Афғонистон миллий валютаси — афғонийда (белгиси араб ёзувидан олинган — ؋) ҳам кўриш мумкин.