АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хотин-қизлари учун билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда иш излашга ёки ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш мақсадида комплекс дастурни ишга туширди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

«Сабр» республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ва 13 та ижтимоий йўналтирилган ННТ билан ҳамкорликда амалга ошириладиган дастур доирасида, шунингдек, USAID тадбиркор аёлларнинг стартап лойиҳаларига кўмаклашиш мақсадида ускуналар сотиб олиш учун лойиҳаларни молиялаштиради.

«USAID кўмаги қишлоқ хотин-қизларига малакалироқ ишга жойлашиш, ўз даромадини кўпайтириш ва жамият фаровонлигига ҳисса қўшиш имконини беради. Бундай ташаббуслар Ўзбекистонга аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадларига эришишда ёрдамлашади», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

«Сабр» ўқув дастури доирасида қишлоқ хотин-қизлари тадбиркорлик соҳаси, жумладан, иш юритиш ва молиявий бошқарув, бухгалтерия ҳисоби ва бизнес-режалаштириш асослари, меҳнат ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш каби соҳалар бўйича таълим олади. Мақсадли касбий тайёргарлик иссиқхона ва томорқа боғдорчилиги, асаларичилик, ипакчилик, қуёнчилик ва паррандачилик, анъанавий халқ ҳунармандчилиги, меҳмонхона иши, қандолатчилик, ошпазлик, сартарошлик, бухалтерия ҳисоби, компьютер саводхонлиги ва ахборот технологиялари бўйича амалга оширилади.

Дастур қамраб олган 1000 нафар иштирокчининг камида 30 фоизига ишга жойлашиш ёки стартапларини молиялаштириш орқали янги имкониятлар яратилади. «Сабр» маркази танланган битирувчиларга микрокредитлар ажратади, USAID эса бизнесни очиш ёки кенгайтириш учун зарур бўлган ускуналар билан таъминлайди. Муваффақиятли битирувчилар, шунингдек, стажировка, ишга жойлашиш ва мураббий топиш имкониятини қўлга киритади.

Ушбу дастур USAID томонидан 2021 йилда ажратилган 1 миллион АҚШ доллар маблағи асосида ишга туширилган ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш ва касбий таълим, микромолиялаш, мураббийликка оид тадбирлар ҳамда ишга жойлаштириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда.

Мазкур ташаббус USAIDнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Агробизнесни ривожлантириш бўйича беш йиллик лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа мақсадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича қиймат яратиладиган бутун занжир бўйича қўшимча қийматли янги технологияларни ва бошқарув усулларини жорий этиш орқали мамлакат қишлоқ хўжалигида хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Ушбу хатти-ҳаракатлар Ўзбекистонда қўшимча қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни жалб қилиш, таълим муассасаларининг хусусий сектор билан алоқаларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун мақбул бўлган сиёсатни илгари суришга йўналтирилган.