2022 йилда Ўзбекистонда 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади, дея хабар қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати. Мусобақа 1−19 июнь кунлари бўлиб ўтади.

ЎФА 2022 йилги U-23 Осиё кубоги Ўзбекистонда қабул қилиш бўйича ОФКга сўровнома юборган эди. ЎФА мутахассислари мазкур чемпионатни мамлакатда ўтказиш бўйича тендер жараёнига доир зарурий ҳужжатларни ОФК вакилларига тақдим этди ва кўплаб музокараларни олиб борди, дейилади хабарда.

Осиё футбол конфедерацияси U-23 Осиё кубоги-2022 беллашувларини Ўзбекистон яшил майдонларида бўлиб ўтишига розилик билдирди.

Дастлаб Хитой ушбу чемпионатни 2023 йилги Осиё кубогига тайёргарлик мусобақаси сифатида ўтказиши керак эди. Бироқ 2020 йил 15 октябрда Хитой футбол ассоциацияси турнир жадвалидаги зиддият, бошқа халқаро тадбирлар олдидан стадион қурилишини якунлаш муддатларидаги муаммолар ва COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган хавотирларни ҳисобга олган ҳолда мусобақани бекор қилди.

Aввалроқ, Хитой футбол ассоциацияси 2022 йилда U-23 Осиё чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан воз кечган ва буни Пекиндаги Қишки Олимпия ўйинларини ташкил этишдаги муаммолар билан изоҳлаган эди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2018 йилда Хитойда бўлиб ўтган мусобақанинг олтин медаллари соҳиби бўлди. 2020 йилги сўнгги кубокда ўзбекистонлик футболчилар тўртинчи ўринни эгаллашди (Корея Республикаси ғалаба қозонди). Чемпионатнинг ўзи 2013 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда.