Сенатнинг 26-ялпи мажлисида «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжат билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Маълумки, ерлар электрон онлайн-аукцион орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Эндиликда, мазкур қонун билан Ер кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ, очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди.

Бундан ташқари, қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим аҳоли қатламлари учун бир қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оиласи электрон онлайн-аукционлардан ер участкаларини сотиб олиши билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг сўзларига кўра, ер ислоҳоти амалга оширилиб, ҳокимиятлардан ер ажратиш ваколати олиб қўйилгач, имконияти чекланган шахсларга имтиёзли ер ажратиш жараёни тўхтаб қолди.

«Менимча бизда ногиронлиги бўлган шахслар 2−3 млндан кўп бўлса керак. Шу қатламни ичида ҳам алоҳида эҳтиёжга эгалиги, яшаш шароитини ҳам эътиборга олиб, биз объектив ва шаффоф бўладиган Вазирлар Маҳкамасининг янги низомини тайёрлаймиз. Лекин олдиндан айтиш керак, ҳар бир ногиронлиги бўлган шахс ерга компенсация беришинг керак дея олмайди. Бунинг имкони бўлмайди. [Механизмини] алоҳида ўйлаб, Сенатга ҳам киритамиз», — деди у.

Шунингдек, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланганларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чора кўриш масъулияти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига юклатилмоқда.

Ўз навбатида, ушбу ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Хусусан, Ер кодексига киритилаётган қўшимча нормага асосан Кадастр агентлиги органлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган тақдирда, ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритади.

Сенаторлар амалиётда учраётган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш ва жамият ҳаётида қонунга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда мазкур қонунни маъқуллади.