Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда коррупцияга оид ислоҳотлар натижадорлиги ва аҳолининг коррупцияга муросасизлигини баҳолашга қаратилган рейтинг баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу рейтинг баҳолаш ишлари натижаларига кўра, Андижон вилоятида барча кўрсаткичларда салбий тенденция кузатилмоқда, деб хабар берди агентлик матбуот хизмати.

Масалан, коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича вилоят ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турибди. Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Андижон республикада 1-ўринни банд этмоқда.

«Ушбу рақамлар кўрсатиб турибдики, Андижон вилоятида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш керак», — дейилади хабарда.

Мазкур масала Антикоррупция агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева иштирокида Андижон вилоят Коррупцияга қарши ҳудудий кенгашининг 26 майдаги йиғилишида муҳокама қилинган.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 22 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши судга юборилган. Улар ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш каби жиноятларни содир қилган. Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят ҳокимлиги, 18 нафари туман ва шаҳар ҳокимликларининг ходимлари.

Шунингдек, 2021 йил якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Андижон вилояти 9-ўринни эгаллаган.

«Бир ойдан сўнг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳудудлар худди шундай баҳоланади ва барча натижалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, Миллий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинади. Лекин бу даврда ҳам вилоят ҳудудий Кенгаши томонидан ижобий натижа кўрсатиш учун арзирли амалий иш ёки ташаббусни кўрмаяпмиз», — деди агентлик директори ўринбосари Умида Тўхташева.