Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов ва (Facebook`да дастурий таъминот муҳандиси) Азиз Муртазаев Жанубий Кореялик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда Ami руҳий саломатлик бўйича стартапни ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритди. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan матбуот хизмати хабар берди. Forbes журнали стартап ҳақида ёзган.

Лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Стартап асосчилари таъкидлашича, бундай платформани яратиш ғояси пандемиядан кейин пайдо бўлган, негаки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, пандемиядан сўнг бутун дунё бўйлаб депрессия, яъни тушкунлик даражаси 25 фоизга ошган.

«Биз Ami жамоасининг иштиёқи ва истеъдодидан ҳайратдамиз. Уларнинг Осиё аҳолисига руҳий саломатликларини сақлаш йўлида яна бир усул тақдим этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқчимиз», — деди Meta компаниясининг инвестициялар бўлими раҳбари Сунита Парасураман.

Платформанинг ишлаш усули

Таъкидланишича, фойдаланувчилар рўйхатдан ўтиш учун махсус формани тўлдиришда ўзларини энг кўп ташвишлантираётган масалалар ҳақида маълумот киритади. Олинган маълумотлар асосида платформа уларни керакли шифокор билан боғлайди ва шу тариқа у мутахассисдан зарур психологик ёрдамни олади.

Осиёнинг улкан стартап марказлари Сингапур ва Жакартадан ташқари, Ami стартапини бутун Осиё бўйлаб кенгайтириш, бу орқали компанияларга руҳий саломатлик платформаси ёрдамида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

«Лойиҳа асосчилари жамиятда руҳий саломатлик аҳамияти ҳақидаги билимларни оширишни ўзлари учун олий мақсад деб билишади», — дейилади маълумотда.

Молиялаштириш босқичида Meta`га инвесторлардан Goodwater Capital (Kakao, Coupang ва Viva Republica), Strong Ventures, January Capital va Collaborative Fund келиб қўшилган.