АОКАда Бош прокуратура мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова Ички ишлар вазирлигининг яқинда эълон қилинган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини фото ва видеога олиб, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларга жойлаштирилишини тақиқлаш бўйича қарор лойиҳаси юзасидан ўз фикрини билдирди.

«ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажаради. Яхши бажарадими, ёмон бажарадими у иккинчи масала. Лекин кўчадан ЙПХ ходимлари чиқиб кетиши қанчалик хавфли бўляпти юриш. Қаердадир видео камера ишлайди-ишламайди. Қаердадир ЙПХ ходими туради-турмайди. Лекин ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқимаган ёки гувоҳномаси йўқ одамларни, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганларни рулда кўряпмиз. Ҳозир, ҳаттоки ижтимоий тармоқларда „қонли йўллар“ деган ном ҳам олди Ўзбекистоннинг йўллари. Шарманда эмасми?!» — деди у.

Бош прокурор ўринбосари ҳам Ўзбекистон фуқароси, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам прокурор, ҳам аёл сифатида қонун доирасида ишлайдиган ва йўловчидан қонун талабларига риоя қилишни талаб қилган ЙПХ ходимларини видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш нотўғри эканини таъкидлаб ўтди.

«Шахсан мен бу билан — у ҳам давлат хизматида бўлаётган „пагонли“ одам, у ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси, демак, ундан сўраб, мендан мисол учун сўрамасангиз мен фото қилишга рухсат бермайман. Демак, биринчи Ўзбекистон Республикаси фуқаросини ҳимоя қилишимиз керак. Иккинчидан у давлат хизматидаги инсон… Мен ҳам у томонни — йўловчи тарзда, ҳам „пагонли“ шахс сифатида айтаябман, мен қаршиман ЙПХ ходимини хизмат фаолиятидаги жараённи съёмка қилишга», — деди Светлана Артикова.

У, шунингдек, ушбу қарор лойиҳаси Конституцияга ва қонунларга қанчалик мувофиқ келиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Конституцияни яхши билсак, агар у ерда конституциявий норма бор, «шаън, қадр-қиммати дахлсиз ва Конституция билан ҳимоя қилинади. ЙПХ ходим ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаросими? У ҳам Конституция билан ҳимоя қилиниши керак. Бу менинг шахсий фикрим. Бу — фикр, қонун эмас. Қонун тарзида ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлади, ўртасида бўлмайди. Ё рухсат этилади, ё ман этилади. Ким мени адолатсизликда айблай олади — ҳеч ким. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституция билан ҳимояланган. У ЙПХ ходими бўладими, уй бекаси бўладими, у журналист-блогер бўладими. Агарда сиздан рухсат сўрамаса, съёмка қилса, шунақа чангини кўтарасиз-ки, худо кўрсатмасин. Бу — менинг фикрим», — деди Артикова.

Маълумот учун, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходими суратини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлаш бўйича таклиф билдирган эди. Тегишли Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 14 мартдан 29 мартга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Айни пайтда қарор лойиҳаси муҳокамаси якунланган ва унга умумий 1224та таклиф берилган.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳага кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги [975-сон] қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомнинг 19-банди қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдириш назарда тутилмоқда:

«ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик».

Мазкур ўзгартишларга президентининг «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги [ПҚ-118-сон] қарори асос қилиб олинган.

Бироқ президентнинг мазкур қарори ҳозиргача қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz сайти, Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram-канали ёки Ўзбекистон ахборот агентлигида ҳам эълон қилинмаган.

«Газета.uz» ушбу қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муносабати ҳам ёзган эди.