75-халқаро Канн кинофестивалида Ўзбекистон Миллий павильони учинчи бор иштирок этмоқда, деб хабар берди Uzbekistan’s club медиаплатформаси. Marché Du Film’да очилган павильон 22 майга қадар фаолият кўрсатади.

«Ушбу майдон янги лойиҳалар билан танишиш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, республикамизда фильмлар ва медиа маҳсулотларни суратга олишда бутун дунёдан продюсер ва режиссёрларни жалб қилиш имконини беради. Ўзбекистон бетакрор тарихий обидалари, ўзига хос тарихи ва маданиятига эга мамлакат сифатида кино санъати вакилларида қизиқиш уйғотиши мумкин» , — дейилади хабарда.


Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбаев (ўнгда).

Жорий йилда Ўзбекистон медиа маҳсулотлар суратга олишни хоҳловчи кинокомпаниялар ва телеканаллар харажатларининг бир қисмини қоплайди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳужжатли фильмлар ва теледастурлар суратга олиш ишларига ҳомийлик қилишга тайёр.

«Жараён шундай: Продюсерлар ва режиссёрлар бизга ғоя юборишади. Агар у бизга ёқса, Туризм ва маданий мерос вазирлиги суратга олиш гуруҳининг авиачипталарини, турар жой ва мамлакат ичидаги транспорт ҳаражатларини қоплашга тайёр», — дейилади клуб хабарида.

Келиб чиқиши Эрондан бўлган канадалик режиссёр Мустафа Кешвари Ўзбекистон майдончасига ташриф буюриб, мамлакатда фильм суратга олиш имкониятларини муҳокама қилди. Унинг «Child Bride» қисқа метражли фильми 2019 йилда Канн кинофестивалида намойиш этилган. Кешварининг фильмлари бир неча бор нуфузли киномукофотларга муносиб кўрилган.

Мустафо Кешвари сўнгги олти ойдан буён Умар Хайём ҳақидаги фильм устида ишламоқда. Ўзбекистон миллий павильонида хорижлик режиссёр ва Ўзбекистон Миллий PR маркази билан ўтказилган музокаралар натижасида унинг жорий йил июль ойида Бухоро ва Қорақалпоғистонга локация танлаш масаласида ташриф буюриши ҳақида келишувга эришилди. Суратга олиш ишларини 2022 йилнинг сентябрида бошлаш режалаштирилган.