Айни вақтда Тошкентда ШҲТ мамлакатлари Туризм ташкилотлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш борасида ўз таклифларини билдирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Вазирнинг таъкидлашича, 2019 йилда ШҲТ давлатларидан 250 миллионга яқин, шу жумладан, Ҳиндистондан 27 млн, Хитойдан 155 млн, Ўзбекистондан 1,7 млн, Қозоғистондан 206 минг, Тожикистондан 31 минг, Россиядан 20 млн сайёҳ хорижда дам олиш учун кетган. «Биз барча кучларни бирлаштириб, бу оқимни, биринчи навбатда, «ШҲТнинг ички туризми»ни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак», — деди у.

Шунингдек, Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги айтилди.

Шу мақсадда ўзбек томонидан «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида»ги ҳукуматлараро битим лойиҳаси тайёрланган ва мазкур форум доирасида кўриб чиқилади.

Азиз Абдуҳакимов мамлакатлар раҳбарлари туризм вазирлари олдига қўйган вазифаларни бажариш мақсадида ҳамда халқаро ҳамкорликни назорат қилиш учун туризм маъмуриятлари раҳбарларининг ўринбосарлари даражасида доимий мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.


Вазирнинг фикрича, мазкур гуруҳга қуйидаги бешта вазифани топшириш мумкин:

Биринчидан. Туризм бизнесини кенг жалб қилган ҳолда серияли муҳокамаларни ўтказиш, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги энг оммабоп туристик йўналишлар ва маршрутлар харитасини (маълумотлар базасини) яратиш.

Иккинчидан. ШҲТнинг ички туризм салоҳиятини чекловчи муаммоларни ўрганиш ва унинг ечимларини, шу жумладан мужассамлаштирилган саёҳатлар ва трансчегаравий сайёҳлик алмашинуви имкониятларини аниқлаш.

Учинчидан. Мамлакатлар ўртасида яхлит йўналишлар бўйлаб туристик ва транспорт алоқаларини яхшилаш юзасидан тавсиялар ва ечимларни шакллантириш.

«Чунки комбинацияланган маршрутлар хорижий сайёҳлар орасида мамлакат йўналишларига қараганда кўпроқ талабга эга. Биз, мисол учун, Тожикистон ва Қирғизистон билан Фарғона водийсидаги туристик йўналишлар бўйича, Қозоғистон билан эса — Туркистон-Тошкент-Самарқанд-Бухоро сайёҳлик квадрати юзасидан фаол иш олиб бораяпмиз. Ушбу тажрибани ШҲТнинг бошқа мамлакатлари билан қўллашга тайёрмиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Тўртинчидан. Туризм индустриясини рақамлаштириш, ақлли ва яшил технологияларни қўллаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш. Электрон тижорат маҳсулотлари ва хизматларини кенгроқ жорий этиш, ШҲТ минтақаси туризмида интеллектуал хизматлар кўрсатишни қўллаб-қувватлаш зарур, деб ҳисоблайди вазир.

Бешинчидан. ШҲТ мамлакатлари ёшларини ушбу жараёнга фаол жалб этиш. Шу муносабат билан биз эртанги форумнинг алоҳида бўлимини таълим ва илмий алмашинув масалаларига бағишлашга қарор қилдик, деди Ўзбекистон вакили.


Азиз Абдуҳакимов нутқи сўнггида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан ШҲТга аъзо мамлакатларига «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида таълим олиш учун 6 тадан квота ажратилганини қўшимча қилди.

Учрашув якунида туризм соҳалари раҳбарлари «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида»ги битим лойиҳасини тасдиқлашди ва форум доирасида имзолашга келишиб олди.

Маълумот ўрнида, мазкур форум 2022 йил 15−16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида ташкил этилди.