«Ўзтрансгаз» бошқарув раиси Беҳзот Норматов «Ular» лойиҳасига берган интервьюсида илгари катта ҳажмдаги табиий газни экспорт қиладиган Ўзбекистон нима учун бу ёқилғини импорт қилувчи мамлакатга айланиб қолганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, бу иккита фактор — қазиб олиш имкониятлари ва ички талабга боғлиқ.

«Мустақиллик эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон аҳолиси 19 миллион киши атрофида эди, мана ҳозир 33 миллиондан ўтиб олдик. Иқтисодиётимиз ўсаяпти, кичик ва ўрта бизнес, қурилиш материаллари, кимё ва бошқа соҳалар ривожланиб бораяпти. Энди буларни қондириш керак, лекин катта захиралар очилмаяпти, нефт ва газ қазиб чиқариш камайиб бораяпти… Хоҳлаймизми ёки хоҳламаймизми буни ҳам черагаси бор — захираларимиз чексиз эмас», — деди у.

«Ўзтрансгаз» раҳбарининг фикрича, «иқтисодиёт ўсиши учун импорт қиладиган бўлсак, бунда ҳеч бир ёмон нарса йўқ».

«Чунки газ ёки энергия импорти учун кетқазган ҳар бир пулимизни ишлаб чиқариш ва иш ўрни яратиш орқали камида икки баравар қилиб қайтариб оламиз — мультиприкатив эффектга эришамиз. Яъни қўшилган қиймат занжирини яратиш имконияти бўлади. Тасаввур қилинг, газ йўқ, келинглар импорт қилмаймиз, фақат ўзимизни газни ишлатиб борамиз деймиз. Лекин биз иқтисодиётимизни бир занжирга ўтирғизиб қўйган бўламиз», — деди Беҳзот Норматов.

У аналог сифатида сигирни мисол қилиб келтирди: агар уни қозиққа боғлаб қўйсангиз, у фақат занжири етадиган жойдан ўтлайди, бу эса уни семирмаслиги ва кўп сут бермаслигига сабаб бўлади.

«Халқаро тажрибада агар биз ЯИМ ўсишини таъминлаб бермоқчи бўлсак, энергересурсларнинг захираси 10 фоиз бўлиши керак… Агар графикни олсак, қазиб чиқариш тушаяпти, талаб эса ўсаяпти. Мана шу иккита линия бир нуқтадан ўтганидан кейин импорт қилишни бошлаш керак. Мана ҳозир нефт маҳсулотларини импорт қилаяпмиз-ку. Жанубий Корея ёки Японияни олинг, газ борми? Йўқ, лекин улар ривожланган давлат», — дея қайд этди у.

Беҳзот Норматов ҳозирги замонда газни ёқилғи сифатида ёқиб юбориш ҳар қандай иқтисодиётда ҳам «яхши эмас», сабаби уни қайта ишлаш орқали қўшилган қийматга эга кўплаб бошқа маҳсулотлар олиш мумкин деган фикрда.

«Импорт қилишдан ҳеч қачон қўрқиш керак эмас. Иқтисодиётимиз тўхтамаслигини хоҳласак, биз кафолатланган энергоресурсларни захираси билан бирга таъминлаб беришимиз керак», — дея таъкидлади у.

«Газета.uz» Молия вазирлиги аниқлик киритишича, табиий газга бўлган ички бозор талабини қондириш мақсадида сўнгги йилларда экспорт ҳажми кескин камайди.

2019 йилда газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил қилган бўлса, жорий йилда у 3,3 млрд куб метр даражасида бўлиши кутилмоқда. Ушбу давр мобайнида импорт ҳажми 0,2 млрддан 4 млрд куб метргача ўсди.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 717,3 млн долларлик газ экспорт қилган, бу қиймат жиҳатидан ўтган йилга қараганда 50 фоизга қимматроқ. Импорт эса нархларда 3 бараварга — 154,5 млн долларгача ўсган.