Ижтимоий тармоқларда Мўйноқ туманидаги кўллардан биридаги қамишзорларда ёнғин бўлаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон ФВВ матбуот котиби Айбек Абдирахмановнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Мўйноқ тумани ФВБга «Ушсай» ОФЙ ҳудудида ёнғин бўлаётгани тўғрисидаги маълумот 17 май куни соат 19:20 атрофида келиб тушган. Туман ФВБ ёнғин-қутқариш экипажи воқеа жойига бориб, навбатчилик ташкил этган.

Фото: Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати

Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, «Мўйноқ қўлтиғи»даги ушбу ёнғинни «ўчириш имкони йўқ».

«Сабаби қамишзорлар бўйи сув ва ботқоқликдан иборат. Сувнинг кескин қайтиб кетиши сабабли ҳозирда қамишзор бўйидаги қамиш тублари аҳён-аҳёнда туташи давом этмоқда, шамол кучайганда эса тутун кўлами ортади», — дейилади маълумотда.

Айбек Абдирахмановнинг қўшимча қилишича, ёнғин бўлаётган жой аҳоли яшаш пунктларидан 40−50 км узоқликда жойлашган. Ёнғин сабаби суруштирувлар давомида аниқланади. Ёнғиндан жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.