Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида 7777 та жиноят фош этилди, шундан 221 таси ўтган йилларда содир этилган жиноятлар тоифасига киради.

Бу ҳақда пойтахт ИИББ бошлиғи Азиз Ташпулатов, шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ва Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Атамурад Ахмедов иштирокида ўтган ҳисобот йиғилишида маълум қилинди.

Таъкидланишича, йил бошидан бери 537 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жазога тортилган.

Қолаверса, ички ишлар ходимларининг ташаббуси билан 2435 та жиноят, шундан 769 таси гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний савдоси ҳолатлари аниқланган. Бунда 217 кг 305 грамм гиёҳвандлик ва 24 кг 328 грамм кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиб кетишининг олди олинган.

Йиғилиш якунида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айрим раҳбарларининг фаолияти қаттиқ танқид қилиниб, 2-чорак якуни бўйича кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгармаган тақдирда эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишлари тўғрисида огоҳлантирилди.

Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳудудида жиноят салмоғи юқори деб топилган 169 та маҳаллаларга масъул раҳбарлар бириктирилиб, уларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, шаҳар прокурори, ИИББ раҳбари ва Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг «Хавфсиз пойтахт» профилактик ойлигини ўтказиш бўйича қўшма қарори тасдиқланди.