Аввалроқ, «Tashkent city» худудидаги Nest One биносининг ўнлаб қурувчилари вақтида маошини ололмагани туфайли автомобиль йўлни тўсиб қўйгани ҳақида ёзгандик. Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳам ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, 17 май куни Nest One пудратчилари «Оzguvn mimarlik inshaat» МЧЖ ХКнинг 312 нафар ишчиси ҳамда «Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» ПУнинг 427 нафар ишчиси апрель учун иш ҳақларини олмаганлиги сабабли мазкур корхонага нисбатан норозилик билдирган.

«17 май куни „Оzguvn mimarlik inshaat“ МЧЖ ХКнинг 312 нафар ишчисига 1 млрд 7 млн сўмдан ортиқ ҳамда „Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar“ ПУнинг 427 нафар ишчисига 1 млрд 346 млн 355 минг сўмдан кўпроқ иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, пойтахт Давлат меҳнат инспекцияси шу куни ҳар иккила компания раҳбари Гувен Меҳметра номига ёзма кўрсатма берди.

Аввалроқ, Murad Buildings компанияси «Газета.uz»га намойишларга маошдаги кечикишлар сабаб бўлганини тасдиқлаганди.

«Ички меҳнат қоидаларига кўра, иш ҳақи ҳар ойнинг 8 дан 12 санасигача берилади. Май ойида ички процессуал сабабларга кўра 4−5 кунлик кечикиш юз берди. 16 май куни барча ишчилар иш ҳақи 17 май куни пластик карталарга тўлаб берилиши ҳақида огоҳлантирилган ва шу куни эрталаб соат 9:00дан, банк ўз ишини бошлаши билан туша бошлади», — деди у.

Компания раҳбари Мурод Назаров эса айни вақтда «ҳаммаёқ тинчлиги, ишчилар ўз ўрнида ишлаётганини ва бунга бинонинг охирги қаватида ош тайёрлагани» сабаб бўлганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, воқеа жойига барча масъул шахслар етиб борган ва текширув ўтказишни бошлаб юборган. «Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ишчилар ўз иш жойларига қайтган», — дейилади хабарда.