Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон метроси жойлашган чорраҳада Nest One турар жой мажмуаси қурувчилари намойиш ўтказаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Унда таъкидланишича, ишчилар ойлик маошини ололмагани учун норозилик намойишларига чиқишмоқда.

Видеоларда бир неча 100 киши транспорт қатнов қисмига — чорраҳага чиқиб, йўлни тўсиш орқали ўз эътирозларини билдираётганини кўриш мумкин.

«Газета.uz»га Nest One вакилининг маълум қилишича, ишчиларнинг кичик гуруҳидан иборат норозилик намойиши 17 май куни соат 8:45 да содир бўлган. Бунга ойлик маошдаги кечикишлар сабаб бўлган.

«Ички меҳнат қоидаларига кўра, иш ҳақи ҳар ойнинг 8 дан 12 санасигача берилади. Май ойида ички процессуал сабабларга кўра 4−5 кунлик кечикиш юз берди. 16 май куни барча ишчилар иш ҳақи 17 май куни пластик карталарга тўлаб берилиши ҳақида огоҳлантирилган ва шу куни эрталаб соат 9:00дан, банк ўз ишини бошлаши билан туша бошлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ойлик тушганлиги ҳақидаги смс-хабарномалар кела бошлаши билан норози ишчилар ўзининг иш жойига қайта бошлаган ва ишини давом эттирган.

«Ўзаро тушунмовчилик ҳал қилинди ва у бир соатдан кўп вақт давом этмади. Лойиҳамизга эътибор қаратганингиз учун ташаккур», — деди компания вакили.

Nest One мажмуаси қурилишига масъул бўлган Murad Buildings компанияси асосчиси Мурод Назаров ўзининг Instagram`даги саҳифасида мазкур ҳолатга изоҳ берди.

«Мен Nest One [олдида] туриб, жонли эфир қилаяпман. 17 май соат 15:09. Ижтимоий тармоқларда ваҳима қилиб, „Nest one`да бир нарса бўлаяпти, оломон“ деб чарчатиб юбординглар. Ҳаммаёқ тинч. Ҳамма зўр, иш банғиллаб кетаяпти. Ҳаммаси [қурувчилар] ишлаяпти», — деди у.

Бироқ, у ишчиларнинг намойиши ва ойлик муаммоси ҳақида сўз очмаган, фақат бунга 15 куни Nest one`нинг энг охирги қаватида ош тайёрлаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, воқеа жойига барча масъул шахслар етиб борган ва текширув ўтказишни бошлаб юборган. «Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ишчилар ўз иш жойларига қайтган», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ишчилар муаммо маош ортидан юзага келганини айтишган, компания раҳбарияти томонидан текширувлар ўтказилгач, барчасига ойдинлик киритилади.