13 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ТИВ матбуот хизмати

Икки давлат ТИВ раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи юзасидан, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни атрофлича муҳокама қилди.

Томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини имкон қадар тез муддатларда ўтказиш зарурлигини қайд этди.

Жорий йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан икки давлат ҳудудида қўшма йирик маданий тадбирлар уюштириш юзасидан якдил муносабат билдирилди.

Шунингдек, Тожикистон томони Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида фаол иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади.

Мулоқот чоғида томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, келгуси давр учун қўшма тадбирлар жадвалини кўриб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти чоғида уни қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган эди.