Андижон вилояти Марҳамат тумани «Шўрқақир» маҳалласида яшовчи «Полвонтош» маҳалласи бўйича собиқ ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган 38 ёшли Ф.А. 16 апрель куни ўз хонадонидаги молхонада осилган ҳолда топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га тасдиқлади.

Марҳум 2022 йил 11 январдан 1 апрелга қадар «Полвонтош» маҳалласининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

«Текширув давомида фуқаро Ф.М.га нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 майдаги 171-сонли хулосасида Ф.М.нинг ўлимига осилиш туфайли бўйин соҳаси аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия, бўйин соҳасидаги кенг, очиқ странгуляцион эгат мавжудлиги, бўйин юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ўпкани вицерал плевра варақлари ва юракни эпикард остига қон қуйилишлари (тардъе доғлари), ўткир ҳолда юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган, дейилади Марҳамат тумани прокуратураси баёнотида.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Ғузор тумани «Совбоғ» маҳалласида ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритган 37 ёшли эркак ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Марҳумнинг охирги вақтларда кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида руҳиятида ўзгариш бўлганлиги аниқланган.