13 апрель куни Қашқадарёнинг Ғузор тумани «Совбоғ» маҳалласида ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритган 37 ёшли эркак ўзини осиб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Марҳум оилали, 3 нафар фарзанди бўлган. Ўша куни қўшнисининг яшамайдиган хонадонидаги оғилхонада ўзини-ўзи осиб вафот этган.

«Текшириш давомида марҳум охирги вақтларда кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида руҳиятида ўзгариш бўлганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Марҳумнинг ўлим сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат бўйича Ғузор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилмоқда.

«Дарё» ўз манбасига таяниб, сўнгги пайтларда марҳумнинг хонадонига қарзини сўраб келувчилар кўпайганини қайд этди.

Ғузор тумани ҳокимлиги маълум қилишича, марҳум бир неча йил «Совбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби, маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

У маҳалла тизимини яхши тушуниши, маҳаллани ёшу-қарисини таниши ва намунали хулқи ва бошқа яхши фазилатлари учун 2022 йил 24 январдан маҳаллада ёшлар етакчиси лавозимида иш бошлаган.

«Марҳум Б.Ф. меҳнат фаолияти давомида маҳалладаги ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишда актив бўлган. Ўз фаолияти бўйича берилган топшириқларни ўз вақтида бажариб келган ҳамда ёшлар иштирокидаги барча тадбирларда ҳам фаол иштирок этган», — дейилади хабарда.