Алкоголь дунёда аҳоли саломатлигига энг катта зарар етказувчи психоактив моддалардан бири ҳисобланади. Барча ўлимларнинг тахминан 5% спиртли ичимликларни истеъмол қилиш таъсиридан келиб чиқади, деб ҳисобламоқда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

Ҳар 10 сонияда бир киши дунёда унинг ҳалокатли таъсири оқибатларидан вафот этади, бу йилига 3 миллионга яқин қурбонни ташкил қилади. Спиртли ичимликлар юрак-қон томир ва руҳий касалликларга, саратоннинг айрим турларига олиб келиши мумкин. Ташкилот маълумотларига кўра, мастлик ёшларга айниқса қаттиқ таъсир қилади: дунёда 20−39 ёшли инсонлар орасидаги ўлимнинг 13,5 фоизи ичкиликбозлик билан боғлиқ.

Инсон саломатлигига ва миллионлаб одамларнинг ҳаётига катта зарар етказишига қарамасдан, дунёда спиртли ичимликлар маркетинги устидан назорат бошқа психоактив маҳсулотларни назорат қилишдан анча заифроқ, дея қайд этилган ЖССТнинг трансчегаравий реклама усуллари ва ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлатиладиган спиртли ичимликларни онлайн рекламаси ҳақидаги янги ҳисоботида.

ЖССТ ўрганишларига кўра, спиртли ичимликларга қарам бўлган беморлар кўпинча реклама хабарларини кўрганда ёки у билан боғлиқ бошқа маълумотларни олганида алкоголга бўлган иштиёқ кучайиши ҳақида тез-тез маълум қилишади.

Интернетдан таълим ва ўйин ҳамда ижтимоий тармоқлардан мулоқот учун фойдаланувчи болалар ва ўсмирлар, шунингдек, спиртли ичимликларга қарам бўлган одамлар, алкоголь истеъмол қилиш билан боғлиқ касаллиги борлар, қолаверса, спиртли ичимликлардан сақланишни ният қилганлар — махсус ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, дея таъкидлайди ташкилот.

Айни вақтда интернет ва ижтимоий тармоқлар спиртли ичимликларни агрессив сотиш учун платформага айланди. Ишлаб чиқарувчилар трансчегаравий характерга эга бўлган онлайн маркетингдан фойдаланмоқдалар ва алкоголли ичимликларни тарғиб қилишда фойдаланилаётган янги усуллар белгиланган реклама тақиқларини четлаб ўтиши мумкин.

Глобал интернет-провайдерлар мижозларнинг одатлари ва хоҳишлари тўғрисида маълумотларни тўплаши ва таҳлил қилиши алкол сотувчиларига турли мамлакатлардаги аҳолининг муайян гуруҳларига мақсадли хабарлар ва махсус таклифларни юбориш имкониятини беради.

Ижтимоий тармоқларда мақсадли реклама жуда самарали, айниқса, хабарларни алмашиш имконияти бўлганида, дейилади ЖССТ ҳисоботида. Рақамли медианинг кенгайиб бораётгани шуни англатадики, спиртли ичимликлар рекламаси тобора глобаллашиб бормоқда, бу еса уни самарали бошқаришни қийинлаштиради, дея таъкидлади ЖССТ мутахассиси Даг Рекве.

Ўзбекистонда, бошқа бир қатор мамлакатларда бўлгани каби, алкоголли ичимликлар рекламасини тўлиқ тақиқлаш қабул қилинди, дейилади хабарда. Шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилишни тарғиб қилиш, яъни спиртли ичимликларни истеъмол қилишни рағбатлантирадиган ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатиш, фойдаланишнинг зарарсизлиги тўғрисида ғояни шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар тақиқланган.

Шу билан бирга, ЖССТ спиртли ичимликларни турли мамлакатларда сотиш учун жойлаштириш ва ижтимоий тармоқлар орқали спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар томонидан, эътимол пуллик тарзда, тарғиб қилиш ҳолатини ўрганиб, таҳлил қилди. Унда катта ёшлар аудиториясига эга ва ўспиринларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсата оладиган ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг постлари таркибида алкоголли ичимликлардан фойдаланишни яширин ёки аниқ тарғиб қилиш ҳолатлари ўрганилди.

Кўпинча мамлакатларнинг амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базаси болалар, ёшлар ва катталарни ижтимоий тармоқларда онлайн маркетинг билан боғлиқ зарарлардан ҳимоя қилиш учун етарли эмас. Мамлакатлар ҳукуматлари ва ота-оналар болалар учун хавфсиз онлайн таълим ва ўйинларни таъминлаш, уларни контент қаерда тайёрланишидан қатъий назар «зарарли алкоголь рекламаси билан бомбардимон қилишдан» — қутқариш ваколатига эга бўлишлари керак, дея қайд этилади ҳисоботда.

Тартибга солинмаган реклама кўпайиши, уларни назорат чораларидан узоқлашиши шароитида алкоголь маркетингини назорат қилиш, шу жумладан, продакт-плейсмент ва ижтимоий тармоқларда инфлюенсерлар рекламасини тартибга солувчи халқаро стандарт — кодекс ишлаб чиқиш зарур, дея таъкидламоқда ЖССТ.