Тошкент шаҳрида банкомат орқали қалбаки валюта қийматликлари сўмга айирбошлагани маълум бўлди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан «Ипак йўли банк» мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.

Фуқаро С.Ф. ва бошқалар ушбу банк филиалига тегишли Паркент кўчасида жойлашган банкомат орқали қалбаки 2 000 АҚШ долларини сўмга айирбошлаб олганликлари айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида 6900 доллар қалбаки купюраларни сотишга уринган уч киши қўлга олингани, Тошкент вилоятида эса икки фуқаро 11 минг долларни ноқонуний тарзда 125,4 млн сўмга сотмоқчи бўлганида ушлангани ҳақида ёзган эдик.