Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби элон қилинди. Адлия вазирлиги бу ҳақда 6 май куни ҳукумат қарори қабул қилинганини маълум қилди.

Талабалар турар жойларини қуриш лойиҳаларига лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича бир ўринга тўғри келадиган қийматнинг 50 фоизи ҳисобида субсидия берилади. Бироқ бу БҲМнинг 100 бараваридан (27 млн сўм) ортиқ бўлмаслиги керак.

ТТЖни қуриш бўйича лойиҳалар учун тадбиркорлар ўртасида тендер ўтказилади. Низомга кўра, ДХШ тўғрисидаги битим ДХШ лойиҳаларининг реестрига киритилганидан сўнг хусусий шерик давлат шеригига субсидия ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Давлат шериги аризани 3 иш куни ичида (қўшимча ўрганиш учун — 10 иш куни ичида) ўрганиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборади.

Вазирлик тақдим этилган аризани 5 иш кунида ўрганиб чиқиб, субсидия бериш учун давлат шериги билан субсидия ажратиш юзасидан шартнома имзолайди.

Хусусий шерикка ТТЖ қуриш учун 2 иш куни ичида давлат шериги томонидан биринчи босқичда ТТЖ умумий қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.

Кейинги босқичларда аввалги берилган сумма билан қўшиб ҳисоблаганда бажарилган ишлар далолатномаси имзоланган кундан 3 иш куни ичида бажарилган ишнинг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади.

Маълумот учун, 2022−2025 йилларда республика бўйича жами 228 та (жорий йилда 47 та) талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этиш назарда тутилган.