Ҳудудлардаги тиббий ёрдам сифатини ҳамда оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш бўйича «2022−2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга кўра, 2023 йилда Нукус шаҳрида «Болалар тиббиёт кластери» ташкил этилади. Унинг таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва Болалар стоматология поликлиникаси киритилиб, ягона бошқарув йўлга қўйилади.

2022−2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказлар тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланади. Перинатал марказларда 6 ўриндан кам бўлмаган чақалоқлар реанимацияси бўлимлари очилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 майдан поликлиникаларда болалар бўлимлари иш бошлайди. Уларда педиатрия йўналиши бўйича барча тор соҳа мутахассислари, мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсатиш учун шифокор-педиатрлар, болалар шифокор-гинекологи, тегишли ўрта тиббиёт ходимлари, вакцинация хонаси ходимлари, «тиббиёт бригадалари»даги педиатрия ҳамширалари фаолият юритади.

Поликлиникалар томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 1 июлдан бошлаб «тиббиёт бригадалари» таркибига қўшимча 3600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари жорий этилади.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларга барвақт ташхис қўйиш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораториялари ташкил этилади.

Ҳудудлардаги перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022−2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолияти йўлга қўйилади. Уни жорий этишда қўшимча навбатчилик постлари ташкил этилади.

Кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва ҳудудлардаги барча туғуруқ комплексларида янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирлари жорий этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.