Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусановнинг вилоятдаги маъмурий тартибда ҳибсга олинган шахсларни сақлаш учун махсус қабулхонага ташрифи якунлари бўйича ахборот берди.

Мониторинг ташрифи амалга оширилган кунда қабулхонада 161 нафар ҳибсга олинган шахслар сақланган. Улардан 8 нафари аёл ва қолган 153 нафари эркаклар эканлиги аниқланди. Аслида 2020 йилда ташкил этилган мазкур муассасанинг сиғими 60 нафар шахсга мўлжалланган. Лекин, амалиётда 60 нафар эмас 160 нафар шахс сақланаётгани аниқланган, — дейилади маълумотда.

Махсус қабулхонада жазо ўтаётган сақланувчи шахсларнинг барчаси меҳнатга лаёқатли ва улардан 18 нафари ишга жалб этилган. Шундан 16 нафари шартнома бўйича объектларда меҳнатга жалб этилган. Сақланувчи шахсларнинг ўртача иш ҳақи бир кунда 40500 сўмни ташкил этади.

Маҳбуслар овқатлари аутсорсинг хизмати асосида тасдиқланган меню асосида етказиб берилади, ювиниш хоналари янгидан қурилган бўлиб, бу бўйича камчилик аниқланмаган.

«Мониторинг давомида 10 нафар маҳкумга мўлжалланган кутубхона мавжуд экани аниқланган. Унда 150 та турли бадиий ва ҳуқуқий адабиётлар бор», — дейилади омбудсман хабарида.

Махсус қабулхонада сақланувчи шахслар учун тиббиёт пункти мавжуд бўлиб, 23 турдаги биринчи тиббий ёрдам учун дори-дармонлар билан таъминланган.

Шунингдек, мониторингда махсус қабулхонада сақланувчи шахсларнинг яқин қариндошлари учун ташкил этилган учрашув хоналари кўздан кечирилди. Қисқа муддатли учрашув хоналарининг сони атига 1 та бўлиб, бу 20 апрель ҳолатига кўра сақланаётган 160 нафар маҳкум учун етарли эмас. Натижада уларнинг оила аъзолари билан учрашувларни ташкил этишда узоқ навбатлар вужудга келмоқда.

«Шу нуқтаи назардан Омбудсман минтақавий вакили томонидан қисқа муддатли учрашув хоналарини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди», — дейилади маълумотда.