«Баҳор келса, варрак ясаб бермоқчи эдим…» — «Шум бола» кинокартинасидаги ушбу жумлаларни кўпчилик яхши эслайди. Эски Тошкент маҳаллаларида урфга айланиб улгурган варрак учириш фолк-флешмоби баҳорнинг қуёшли, майин шамолли кунларида фаоллашиб кетади.


Бу йил март ойининг одатдагидан ёмғирли келиши сабабли варраклар апрель ойи бошларига келибгина кўплаб қир-адирлар ва маҳаллаларда пайдо бўла бошлади. Гавжум ва кўпқаватли бинолар қаъласига айланиб бораётган пойтахтнинг «Самарқанд Дарвоза», «Зарқайнар», «Камолон» маҳаллалари аҳолисининг варрак учиришга қизиқиши айниқса кучли.


Варракларни фақат болалар учиришмайди. Катта ёшдагилар ва қарияларнинг айтиб беришича, варрак учириш уларда болалик хотираларини уйғотади ва хотиржамлик бахш этади. Уларнинг сўзларига кўра, варрак учишини кузатиш — бу ҳозир билан яшаш каби, бунда қандайдир ортиқча нарсалар ҳақида ўйламайди киши.


Бугунга келиб кўплаб ишқибозлар варракларини сотиб олишади, олдингидек қўлда ясашмайди. Варраклар кўчалар устидаги автомобиллардан туриб сотилади. Уларнинг нархи 20 мингдан 700 минг сўмгача. Аҳолининг таъкидлашича, энг қиммат варраклар жуда узунлари ҳисобланади — 5 метргача.