Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш бўйича Ишонч телефони ишга туширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эндиликда фуқаролар ва республика меҳмонлари бирор бир обидага нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки уларга бўлаётган хавфни сезган ҳолатда +(71) 200 01 18 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Вазирлик фуқаролардан маданий мерос обидаларига зиён етказилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ёки уларни бартараф этиш масаласида вазирликка ёрдам беришларини сўради.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ҳукумат қарори билан моддий маданий мерос объектларидан фойдаланишда ҳуқуқбузарлик содир этган ёки экологияга зарар етказганларни фото ва видеога олиб, юборган шахсларни рағбатлантириш тартиби тасдиқлангани ҳақида ёзган эдик. Ҳуқуқбузарлик ҳақида биринчи бўлиб хабар берганларга БҲМнинг 1 баравари — 270 минг сўм тўланади.