Вазирлар Маҳкамасининг 7 апрелдаги «Давлат экологик назорати ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [165-сонли] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда ҳуқуқбузарлик қилинган, шунингдек экологияга зарар етказилган ҳолатларни фотосуратга ёки видеога олиб, юборган шахсларга пул мукофоти берилади.

Уларга ҳар бир тасдиқланган ҳолат учун ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан кейин ўша ундирилган пуллар ҳисобидан БҲМнинг 1 бараварига тенг (270 минг сўм) тўланади.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича фото ва видеоматериаллар «Эконазорат» ахборот тизими орқали Давлат экология қўмитасига юборилиши керак.

Моддий маданий мерос объектларидаги ҳуқуқбузарлик бўйича фото ёки видеотасвирлар «Маданий мерос назорати» ахборот тизими орқали Маданий мерос агентлигига жўнатилиши мумкин.

Материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:

  • содир этилган ҳуқуқбузарлик;
  • ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
  • маданий мерос объектининг номи (тегишли ҳуқуқбузарлик бўйича);
  • ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.

Фото ва видеоматериалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Келиб тушган фото ва видеоматериалларни 15 иш куни ичида масъул ходим кўриб чиқади ва ҳуқуқбузарнинг шасхини аниқлаш мақсадида ИИВга юборилади.

Вазирлик материалларни текшириб ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлайди ва 10 иш куни мобайнида тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигига юборади.

Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборган шахслар:

  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича — БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида;
  • экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдорида;
  • моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича — БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга рағбат пули берилади. Агарда далиллар ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан кейин келиб тушган бўлса, пул мукофоти берилмайди.