4 май куни Қамчиқ довонида кузатилган сел оқибатида тоғ ўпирилиб, транспорт ҳаракати вақтинча чекланганди. 5 майга ўтар кечаси довонда автомобиллар ҳаракати қайта тикланди.

Бироқ, «Ўзбекистон темир йўллари» сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида 5 май куни Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 60/59-сонли ҳамда 62/61-сонли йўловчи поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганини эълон қилди.

Довонда ҳаракат хавфсизлигини ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Йўловчиларга харид қилинган чипталари 100 фоиз микдорда қайтариб берилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, водий вилоятларида ҳаракатланадиган электропоездлар ҳаракат жалвалига ҳам ўзгартириш киритилиги қайд этилди.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, Фарғона водийсида ноқулай об-ҳаво шароити юзага келганлиги сабабли ҳамда йўловчиларга ҳаракатланиш учун қулайлик яратиш мақсадида, фақат 2022 йил 5 май куни «Uzbekistan Airways» АЖ Фарғона ва Наманганга қўшимча қатновларни амалга оширади.

Қўшимча авиақатновлар қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади (маҳаллий вақт билан):

HY-085 Тошкент — Фарғона 15:00 / 16:00
HY-086 Фарғона — Тошкент 17:00 / 18:00

HY-095 Тошкент — Наманган 19:00 / 20:00
HY-096 Наманган — Тошкент 21:00 / 22:00

Аввалроқ, Ўзгидромет 3−4 май кунлари Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши натижасида тоғли ҳудудлар, шу жумладан, Фарғона водийсининг баъзи жойларида кучли ёмғир ёғиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.