2020 йил 1 май куни соат 05:55. Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет девори ёрилиб кетди. Шу куни сардобаликлар учун ҳаётидаги энг катта фожиалардан бири содир бўлди. Сув омбори ёрилиши оқибатида яқин ҳудудда жуда катта зарар етказди, 6 киши вафот этди, уйлар вайронага айланди, аҳолининг кўп йиллик рўзғори бир неча соат ичида йўққа чиқди. Сардобаликлар «Газета.uz»га сув балосидан қандай қилиб ўз ҳаётларини сақлаб қолганликлари ва уларнинг сўнгги 2 йиллик ҳаёти қай тарзда ўзгариб кетгани ҳақида сўзлаб берди.

Навбатдаги суҳбатдош — Жумагул Келдиярова. У Сардоба тумани, Дўстлик маҳалласида истиқомат қилади, мазкур ҳудуд сув омборига энг яқин ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Жумагул Келдиярова, 51 ёш.

1 май куни рўза пайти эди. Тошкентда ўқиётган ўғлим телефон қилиб, «саҳарликка турмадингларми?» деб сўради. Оилавий телевизор кўргандик, «ухлаб қолибмиз» дедим. Ўғлим билан гаплашиб бўлиб, ётдим. Орадан 1 соат ўтдими йўқми, телефон жиринглади. Хўжайинимнинг акаси экологияни бошлиғи. «Уйдан чиқинглар, сув омбори очилиб кетибди, очилганига 2 соат бўлди» деганидан кейин болларимни турғизиб, чиқдик.

Мен сув омборини тасаввур қила олмайман, унақа катта сув келади деб ўйлаганимиз йўқ. Ҳеч нарсага тегинганимиз йўқ, хаттоки ҳужжат, паспорт, ҳеч нима олмасдан, бола чақамиз билан устимизда бор кийимда чиқиб кетдик. Сув келади, ўтиб кетгандан кейин қайтиб кирамиз, деб ўйлаганмиз.

«Ураш пайтидагидек колонна кетаяпти»

Ҳовлига чиқсак сувнинг шовқини, ғувуллаган, қаср-қусур овоз келаяпти. Нариги юртдош маҳалламиздан юк машинаси қўйилган экан, бир-биримизни кўтариб, итариб чиқиб олдик. Катта йўлга чиқсак, энди… ўша кунни эслашни ҳам хоҳламайман… Уруш пайтидагидек колонна кетаяпти. Кимлар пиёда, ким велосипедда, ким эшак аравада, ким тракторда, ким Жигулини устидаги багажда ўтирипти, мошинани юк хонаси очилган, болалар оёқларини осилтириб ўтирибди.

Микрофонда уйларни ташлаб чиқинглар, сув омбори очилиб кетди деб эълон қилаяпти. Соат 5:50 да телефон бўлган бўлса, соат 6−6:30 да кетишга улгурган эдик. Катта йўлда машиналар тўла, бола-чақалар йиғлаган, оёқ кийимсиз чиққан, бешикдаги болаларни шундай ўраб олиб чиқишган.

Фото: ИИВ.

Бизни «27-совхоз»га эвакуация қилишди. Яхши ҳам саҳоватпеша инсонлар бор экан, иккита қўйни судраб келиб, катта қозонларда ош дамлашди. Сув омбори ёрилишидан 4 ой олдин келин туширган эдим. Келиним йиғлайди, мен унга қўшилиб йиғлайман. Мебель, жиҳозлар, уйим кетди, майли жонимиз соғ қолгани учун Аллоҳга шукур қиламан.

Укаларим Фориш туманида туришади, телефон қилиб шунақа бўлди, деб айтдим. Улар келиб, бизни Форишга олиб кетди. Бу ердан 1000 киши Форишга чиқди. Кимни оғайни-қариндоши бўлса келиб, олиб кетаяпти. Қолган эса ётиб қолиш учун коллежга жойлашаяпти. Ўзи сув омборига Форишдан тош ташишган эди, ўша куниёқ юк машиналари Форишга бориб, тош ортаётган эди.

Эртасига эрталаб Фориш туманидан келиб, оиладан неччи киши келгансизлар деб рўйхатга олишди. Каробкада озиқ-овқат, кийим-кечаклар олиб келиб берди.

«Яхши тарафимиз бор, лекин муаммоимиз ҳам кўп»


3 май куни ким нимасини оладиган бўлса, олсин, уйларни бузамиз деган хабар борди. Кейин ҳужжат бўйича чақирди, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳеч нимани олмаганмиз. Кейинроқ ҳужжатларни навбатсиз, текинга давлатимиз томонидан қилиб беришди, раҳмат.

Кейин сарсонимиз чиқишни бошлади, бир кун, икки кун турасиз, кейин барибир ҳижолат бўласиз. Ўғлим келиним билан Тошкентга квартирага кетди, тўрттала ўғлимни жўнатиб юбордим. Президентга минг раҳмат, мана шунча 6 ойда 37 та дом қуриб берди, лекин жиҳози йўқ. Олдин фақат газимиз йўқ эди. Мана ҳозир газимиз бор, светимиз яхши, ўчмайди. Иссиқ сув, совуқ сув чиқаяпти. Масалан бу шароит Тошкентнинг бир хил уйларида йўқ.

Яхши тарафимиз ҳам бор, лекин ўзига яраша муаммоимиз ҳам кўп. Халқ қийналди. Бирор нарсангизни йўқотсангиз, излайсиз, қидирасиз. Халқни 50 йиллик рўзғорлари йўқ бўлиб кетди, масалан, ўзимни турмуш қурганимга 30 йилдан ошган бўлса, 30 йиллик рўзғорим ер билан битта бўлди. Келин олгандим, сеплари йўқ бўлди. Майли болаларимни пешонасига берсин, жони соғ бўлсин.

«Сардоба ношукур эмас»

Тушунмаган халқ кўп «Сардоба тўймас, Сардоба ношукур» дейди. Халқ ношукур эмас, Аллоҳга шукур қиламиз. Президентга раҳмат, 2 май куни ўз оёғи билан кириб келган бўлса, бизга шундай «калит бераман, ичида жиҳози билан ҳамма шароити бор уйга кириб яшайсизлар» деб ваъда қилган. Ўша нарса бўлмади. Фақат Ўзбекистон десам ёлғон бўлади, бутун жаҳон қараб тургани йўқ. Туркия, Россия, Америка, Саудия Арабистонларидан ёрдам келган. Лекин биз ўша ёрдамларни кўрганимиз йўқ.

21 ноябрь куни «дом»га кўчиб кирдик. 2 хонали уй берди, биз 3 оила бўлиб кетдик. Дўконим бор эди, у кетди. Ишсиз қолдим, пенсия олмайман, давлатдан ёрдам пули олмайман, шу дўкон мени еб турган ноним эди. Ойма-ой солиқ тўлар эдим, ҳужжатлари, кадастри бор эди. Дўконимни орқасида ерим бор эди, ҳар ой солиқларини тўлаб тургандим. Ерларимиз автоматик тарзда давлатга ўтиб кетди. Талофатдан кейин ҳам еримга 1,8 млн сўм пул тўлаб келдим. Ҳамма ишимни ҳужжати бор эди, ноқонуний савдо қилмаганман.

Ўзимнинг 4 хонали уйим бор эди, лекин кадастр эски бўйича 2 хона бўлиб қолганди. Шундан кейин 2 хонали уйга қийналганимдан кейин мен яна ҳокимиятга боравердим. «Қаёққа борсанг боравер, кадастр бўйича уй бердик», дейишди. Кадастри йўқлар ҳам уй олди, ерга фундаменти учун уй олганлар бўлди. Майли олсин.

«Cув омборини биз бориб, қўлимиз билан очиб келмаганмиз»

Фото: ИИВ.

Талофат кўрган халққа қанча берсанг кам. Чунки сув омборини биз бориб, қўлимиз билан очиб келмаганмиз. Кимнидир айби билан биз талофат кўришимиз керак эмас-ку. Агар ўша сув омбори яхши қурилганида, бу нарса бўлмас эди. Мана Зоминни сув омбори Собиқ иттифоқ даврида қурилган, неччи йил бўлди, ҳали ҳам мустаҳкам. Бизникичи? Бизникига ҳам ўшанча маблағ кетган-ку.

Неча халқни мана шундай бўлади деб огоҳлантирмади? Неччи йил олдин опам келарди-да «шу сув омборларингга ишонасизларми, қачондир очилса сувни тагида қоласизлар» дер эди. 5 та маҳалла йўқ бўлиб кетди. «Дом"лар қуриб берди, Юртдош ва Дўстлик маҳаллаларида котежларни таъмирлаб берди. Қорақалпоғистон, Хоразмдан қанча қурувчилар келди, иссиқни иссиқ демади, минг раҳмат уларга.

Пандемия вақтида қанча ёрдамлар беришди, лекин бу ерда ноҳақликлар кўп бўлди. Кўз юмиб ўтолмаймиз. Халқ қийналаяпти. ҳозир ҳам бўш уйлар кўп. Бўш қоп тикка турмайди, халқ нима ейди? «Халқим нима еябсан, кунингни кўра олаяпсанми?», деб кейин ҳеч ким хабар ҳам олгани йўқ.

Давлат томонидан нималар берилди?

Президент 40 млн сўм берди. Унга қўшимча маиший техникаларга 6 та сертификат беришди. Кадастр дўконим биносини 54 млн сўмга баҳолади, пулини олдим. Уни ичидаги маиший техникалар, озиқ-овқат маҳсулотларини 46 млн сўмга баҳолаб, уни 30 млн сўмини берди. Кейин яна берамиз деб ҳалигача бермади.

Жанжал қилиб Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлисга бораверганимдан кейин кўпчилик бўлганим учун яна 2 хонали уй берди. Бир ўғлимни уёққа чиқардим. 3 ўғлим, келиним ва хўжайиним билан эса бу ёқдаги 2 хонали уйда турибман.

«Халқ ишсиз»

Мана 2 гектар жойга «Оқсарой» текстил фабрикаси қурилди. Оқсаройни мана шу уйлардаги бекор аёллар, йигитлар ишласин деб қуришди. Халқ ишга кирди, ҳаммани орзу-нияти катта эди. Халқ ҳозир ишсиз, 4−5 ойда ҳам 200−400 минг сўм ойлик бергани учун халқ иш ташлаш қилди. Мени 2001 йилда туғилган ўғлим ҳам 3 ойми ишлаб 250 минг сўм ойлик олди. Эрталаб соат 7 яримдан кириб кетади, тунги 12 гача ҳам Оқсаройни ичида бўлади. Кейин Тошкентга ишлашга кетди. Бир яхши ташкилот олиб, кўтарсин, бўш турибди, ишлатсин.

Мана йўлларимиз турибди, ҳали битмаган. Туманга шифохонага борадиган бўлсак таксилар дод дейди, юргиси келмайди. 5−6 км жой тош, кўпригимиз битмаган. Автобуслар юрмай қўйди. Ўша бизни марказимиз, ҳокимият, ҳамма ишимиз бўйича шу ёққа борамиз. Мен бу масала бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳам хат бериб келдим. Йўл қурилишдан келди, «мартдан бошлаб ишга тушади, ҳозир маблағимиз йўқ», деб кетган эди. Мана март тугади, мана бугун 10 апрель. Ҳали ҳеч ким келиб йўлга қарагани йўқ. Ана шу ердаги кўприкдан ўтаман деб Тошкентга қатнайдиган автобус авария бўлди, иккита машина чуқурликка тушиб кетди.

Бир мени ўзим эмас, ҳамма ҳалқ қийналаяпти. Бу ерда ҳамма бир. Қачон, ким биздан хабар олади? Халқни яхши яшашга ҳаққи йўқми? Талофатга ҳам кўндик, ҳаммасига шукур қилдик. Ҳали ҳам ўлмай қолганимизга шукур қиламиз. Агар сув тунда очилганида, 99 фоиз одам йўқ эди. Ўша пайт рўза бўлгани фойда берди, биз тирик қолдик. Шу сувни орқасидан кимлардир стресс ҳолатга тушди, кимлардир ўлди.

«Ҳақиқатни айтаман деб 5 суткага қамалдим»


Кредитлар тўхтатилди, музлатилди дейишганди, участкаларимиз учун Вазирлар Маҳкамасига бордик. Мана шундай президент мактаби қуриб беришди. Бизни ўзимизни ўқимишли, олий маълумотли кадрларимиз, ўқитувчиларимиз бор. Масалан, аввалги директоримиз лойда қоришиб, уни тозалайман деб саратон касалига учради. Опалари билан усталарга овқат қилди, бошқа қилди. Мана шуларни четга суриб, ўқитувчиларни бошқа вилоятлардан, директорни ҳам Бухородан олиб келишди.

Майли четдан келганлар ҳам ишлашсин, лекин бизникилар ҳам ишласин. Бизни ўзимизда ишсизлар етарли. Россиядан келди битта ўқитувчи. Уларга катта ойлик тўлаяпти, ўша ойликни бизни халқимизга берсин, улар ҳам жон куйдириб дарс беради.

Бўш уйлар кўп. Мана шу уйларнинг ҳар бирида 2−3 тадан бўш хонадонлар бор. Ҳеч ким яшамагани ойнасини чангидан ҳам билинади. Кимларнидир номига олиб қўйилаверган. Ўша уй олган одамлар уйга муҳтож эмас. Муҳтожларга, икки-учталик оилаларга берсин, кўпчилик тиқилиб яшаяпти. Майли қанчадир қисмини давлатга тўласин деб берсин, майли кредит деб берсин. Ҳозир биз уй қурадиган шароитда эмасмиз, участкамиз йўқ.

Сувнинг ёмон тарафи ҳам бор, яхши тарафи ҳам бор. Яхши тарафи бизга президент мана шундай шароит қилдириб берди.

51 ёшга кирдим. Бунгача бош вазирни танимас эдик, хаттоки ҳокимни ҳам кўрмаган эдик. Масалан, мен тадбиркорлигим бўйича солиққа, Халқ банкига борардим. Бош вазир ўз оёғи билан келиб, халқнинг ичида юрди. Минг раҳмат. Лекин деган томонлари ҳам бор. Тошкентга Бош прокуратурагача бордик, сайёр қабулга бордик, 10 мартадан кўпроқ бордим. Февраль бошида Вазирлар Маҳкамасига бордим, 3 кундан кейин ҳақиқатни айтишга борганим учун уюштириб, 5 суткага ноҳақ қамашди.

Ички ишлар, прокуратура ходимлари орқамиздан Тошкентга бориб, «кетинглар, муаммоларингизни ўзимиз ҳал қилиб берамиз», деди. Мен шунча келдик, қайси муаммони ҳал қилиб бердинглар, деб гап талашиб қолдим. Қайтиб келганимдан кейин менга телефон қилиб, Вазирлар Маҳкамасига борганлар билан йиғилиш бўляпти, деб чақиришди. Участка нозиримиз Ҳумоюн билан жиноий қидирув бўлимидан Асад деган бола ўзини машинасида олиб кетди.

Бир хонага олиб кириб, 10 минут ўтириб туринг, ҳозир бошқалар ҳам келади деди. Бу орада ўзимдан 10 ёшлар кичкина бир аёл кириб, мен билан бақир-чақир қилиб уришиб кетди. Ҳаётимда кўрмаганман уни. Ўша ерда гап талашиб, мен чиқиб кетдим. Вазирлар Маҳкамасидан ҳеч ким келмади. У аёл устимдан ёзган, қолганлари гувоҳлик берган, 3 кундан кейин судга чақирди. Хаттоки судья мени тингламади. У аёлни ҳақорат қилмадим, оғзингга қараб гапир дедим, холос. Лекин 5 сутка берди, ўтириб келдим.

Менинг жойим қамоқ эмас эди. Сувнинг шарофати билан қамоқни ҳам кўрдик. Агар шу сув босмаганида, қамалмас эдим. Мен ҳозир ҳам қамоқни тасаввур қила олмайман. Катта ўғлим апелляцияга беринг деди, мен керак эмас, ким менга ёмонлик қилган бўлса Худога солдим дедим. Мана, Бекзод деган участка нозиримиз ўша аёлни «17-совхоз»дан олиб келиб, обориб қўйди. Кейинроқ у аёлнинг пулга ёлланганини эшитдик.