Сенатнинг 28 апрельдаги мажлисида «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун сенатордар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тирик донордан аъзоларни ёки тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин. Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.

Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга фақат, агар олиш пайтида тиббий хулосага кўра унинг соғлиғига кўриш, нутқ, эшитиш қобилияти йўқолишига ёхуд аъзосининг (бундан инсоннинг трансплантация қилинаётган аъзоси ва (ёки) тўқимаси мустасно) функциялари қисман ёки тўлиқ йўқолишига, руҳияти бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган тарзда ёки соғлиғининг меҳнат қобилияти 33 фоиздан ортиқ тарзда барқарор йўқолишига олиб келадиган бошқа бузилишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказилмаса, йўл қўйилади.

Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:

  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);
  • белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;
  • қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • ҳомиладор аёлларга;
  • шахси аниқланмаган шахсларга;
  • муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;
  • «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи шахсларга;
  • аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас.

Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланади. Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Сенатда билдирилган таклифлар асосида сенаторлар тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари билан биргаликда «Йўл харитаси» ишлаб чиққани маълум қилинди.

Унда келтирилишича, трансплантация жараёнларини сифатли амалга оширилиши учун зарур бўлган қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ушбу хизматни аҳолига яқинлаштириш ва барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш, тегишли давлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда юқори малакали тиббиёт кадрларни тайёрлаш каби йўналишлар қамраб олинган.

Қонун қабул қилингандан сўнг «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижроси сенаторлар томонидан жойларда доимий равишда назорат этиб борилади.

Мазкур соҳасидаги ишларни молиялаштириш давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Аввалроқ депутатлар Қонунчилик палатасида мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келишини таъкидлаганди.

Мажлисда республика марказларида амалга ошириладиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130, туман шифохоналарида 60 тага етгани, 32 та шифохонада эса эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилгани қўшимча қилинган.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.