Россиянинг Fix Price дискаунтерлар (ингл. discount — чегирма) тармоғи йил бошидан буён Ўзбекистонда 12 та дўконини ёпди, деб ёзмоқда Spot компаниянинг чораклик ҳисоботига таяниб.

2021 йил 31 декабрда мамлакатда 42 та Fix Price савдо нуқтаси фаолият кўрсатган бўлса, март ойи охирида уларнинг сони 30 тага қисқарган.

Таққослаш учун, 2021 йилнинг биринчи чорагида Fix Price Тошкентда 10 та манзилни очди — ҳар ҳафта янги дўкон фаолиятини бошлаган эди, деб ёзади Spot. Бундан ташқари, дисcоунтер Ўзбекистонда катта салоҳиятга эга асосий бозор сифатида ўз фаолиятини кўпайтиришни режалаштирган.

Уч ой ичида Fix Price 33 та, шу жумладан Қозоғистонда битта дўконни ёпди. Бироқ бошқа мамлакатларда ҳам янги савдо нуқталари очилди. Ҳозир тармоқда 5083 дўкон мавжуд.

Компания, шунингдек, Қозоғистон ва Беларусда санитария чекловлари, «мураккаб макроиқтисодий ва сиёсий муҳит» туфайли савдо ҳажмининг камайганини қайд этди.