Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида аниқланган она айиқ ва унинг икки боласи тирик. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев ўзининг Facebook-саҳифасида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, 26 апрель куни Kun.uz тарқатган айиқ боласи ўлдирилгани ҳақидаги хабар ўрганилганда, иккита бошқа-бошқа ҳолат эканлиги аниқланган.

«Биринчи ҳолат „Теракли“ МФЙ ҳудудида аниқланган бўлиб, айиқ боласи ўлдирилган ҳолатга умуман алоқаси йўқ. Ҳозирда она айиқ ва унинг икки боласи тирик эканлиги маълум бўлди», — деб ёзди у.

Айиқ ва унинг болалари «Теракли» МФЙ яшовчи 22 ёшли Арслон Бўронов томонидан 22 апрель куни кечки пайт суратга олинган.

Иккинчи айиқ жасади эса Деҳқонобод Давлат ўрмон хўжалигининг Қизилсой ўрмон бўлимида 5 апрель куни содир этилгани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, ўлик ҳолда топилган айиқ боласи акс этган видеодаги шахснинг Деҳқонобод тумани «Оққишлоқ» МФЙ Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро К. Ш. экани аниқланган. Унинг хонадони текширилганида, бир дона айиқ боласининг териси топилган.