25 апрель куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги тоғли ҳудудда экологлар она қўнғир айиқни икки боласи билан учратиб қолгани ҳақида хабар берган эди. Жониворлар «Теракли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тасвирга олинган.

26 апрель куни Kun.uz етти кун аввал маҳаллий аҳоли томонидан айиқ болалардан камида биттаси ўлдирилгани ҳақида хабар келиб тушганини маълум қилди. Бироқ ушбу айиқ боласининг Экология давлат қўмитаси суратларида акс этган айиқлар оиласидан эканлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Шундан сўнг, Экология давлат қўмитаси «бундай ваҳшийликни» кескин қоралаб чиқиб, ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

Кеча қўмита ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, қўмита инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари билан биргаликда олиб борилган тезкор қидирув натижасида гумондор шахс Деҳқонобод тумани «Оққишлоқ» МФЙ Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро К. Ш. экани аниқланган. Унинг хонадони текширилганида, бир дона айиқ боласининг териси топилган.

«Айиқ боласи терисини сақлаб келган фуқаронинг сўзларига кўра, у айиқ боласини ўлик ҳолда топган. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади», — дейилади хабарда.


Видеодан скриншот

Гумондор шахсдан тушунтириш хати олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ҳозирда тузилган ишчи гуруҳ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Хабарда ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилиши айтиб ўтилган.

Маълумот учун, Тян-Шан қўнғир айиғи Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ва муҳофаза қилинади. Айиқ болалари январь-февраль ойларида дунёга келади, она айиқ болалари билан март-апрель ойларида инидан чиқади. Қўнғир айиқларнинг ҳаётига браконерлар хавф солади. Қизил китобга киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунёси турларини нобуд қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


25 апрель куни Давлат экология қўмитаси эълон қилган она айиқнинг икки боласи билан сурати.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экопартия фракцияси аъзоси Ислом Хушвақтов Қашқадарёда айиқ боласи ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқалганидан сўнг Facebook саҳифасида ўз фикрини билдириб, ваколатли давлат органларидан мазкур экологик хуқуқбузарлик юзасидан батафсил маълумот беришини сўраган эди.

«Хомо сапиенс (ақлли одам) хақиқий овчи сифатида ҳайвонларга яшаш имконини бериши лозим, шу сабабли ҳам у неандертал (ёввойи одам)га нисбатан овчилик маданиятига эга эканлиги билан ажралиб туради, йўқса махлуқ қиёфасидаги инсон бўлиб қолаверади. Албатта, биз цивилизациялар даврида хуқуқий давлатда умргузаронлик қиламиз. Қонунчилигимизда хар қандай хуқуқбузарликка нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган», — дейди депутат.