Пайшанба куни ЮНИСЕФ Мактабгача таълим вазирлиги ва «Билим Макон» ахборот ва педагогика технологиялари инновацион маркази билан бирга Learning Passport «Болалик Академияси» рақамли платформасини ишга туширди.

Мактабгача таълим вазирилиги хабар беришича, платформа Ўзбекистонда мактабгача таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Learning Passport ЮНИСЕФ ва Microsoft ҳамкорлигида яратилган бўлиб, мослашувчан рақамли ўқув платформасидир. Таъкидланишича, ҳозир платформа бутун дунё бўйлаб миллионлаб болаларнинг ўқишини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилмоқда.

Мазкур платформа мактабгача таълим педагоглари учун малака ошириш курслари, машғулотлар режалари, қўшимча ўқиш учун материаллар, рақамли таълим ва тарбия ресурслари билан таъминлайди.

Буларнинг бари «Илк қадам» мактабгача таълим давлат ўқув дастури ва Ўзбекистоннинг эрта ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланиши бўйича давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Маълумотларга кўра, бола миясининг 90 фоизи 5 ёшга қадар ривожланади. Бу даврда ота-оналар ва педагоглар болага бутун умри давомида таълим олиши учун мустаҳкам пойдевор қўйишда ёрдам беришлари мумкин. Бунинг учун тарбияловчи ва рағбатлантирувчи муҳит яратишлари, бола бу орқали ўрганиши, ривожланиши ва ютуқларга эришиша олиши зарур, дейилади хабарда.

Агриппина Шин.

«Ушбу аҳамиятли давр ҳаётда фақат бир марта келади, шу боис у мактабгача ёшдаги миллионлаб болалар учун жуда муҳимдир. Улар бутун умри давомида эришадиган жисмоний ва руҳий натижалар, молиявий таъминланганлик даражаси айнан шу вақт ичида кўрсатиладиган ёрдамга боғлиқ», — деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Мазкур технологик инновацион ғоя бутун мамлакат бўйлаб мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим ташкилотларига қатнаши ёки қатнамаслигидан қатъи назар, юқори сифатли ўқув ресурсларидан фойдаланиш имконини беради.


Мунир Мамедзаде.

«Маълумотларга кўра, айнан эрта ва мактабгача ёш даврида сармоя киритиш фойдали. Болаларни эрта ёшиданоқ тарбиялаш, ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ижобий ўзгаришларга олиб келади. Эрта таълимга киритилган сармоя 16 баравар кўпайиб қайтади, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Шунинг учун ҳам ЮНИСЕФ Ўзбекистонда Learning Passport „Болалик академияси“ ўқув платформасини ишга тушириш бўйича инновацион ёндашувни татбиқ қилди. Ушбу платформа 3−6 ёшли болаларнинг тарбиячилари ва ота-оналари ўз билим ва кўникмаларини оширишларига имкон яратади».


Фото: Шаҳноза Мирзиёева.

«Болалик академияси платформамиз энг аввало сифатли таълим оламидир. Педагоглар замонавий методикалар асосида тайёрланган машғулотлардан фойдаланиши, ўз устида ишлашлари учун қўшимча мутолаа манбаларини қўллаши, ота-оналар эса бола таълим тарбияси ва парвариши бўйича фойдали маълумотларни ўзлари учун кашф этишлари мумкин», — деди Шаҳноза Мирзиёева.

«Билим Макон» маркази директори Оятулло Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, «Тарбиячилар замонавий ва илғор таълим амалиётларидан фойдаланганда болалар жисмоний, ҳиссий ва таълимий жиҳатдан ўсишга эришади».

«Болалик Академияси» болалар фойдаланиши учун ҳам қулай. Улар саводхонлик, ҳисоблаш ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни ривожлантирувчи ўйинларни ўйнашлари, ўз она тилларидаги электрон китобларни ўқишлари мумкин. Бундан ташқари, ўқув-кўнгилочар видеоларни томоша қилиш ва ёшга мос кутубхонадан фойдаланиш имкониятлари ҳам мавжуд.

«Болалик академияси»ни ишга тушириш орқали Ўзбекистон бўйлаб 20 мингга яқин педагогни қамраб олиш, 1,5 миллионга яқин болаларнинг ўқиш ва ривожланиш натижаларини яхшилаш кўзда тутилган.