15−17 апрель кунлари Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Мусобақалар Ўзбекистон гимнастика федерациясида (ЎГФ) бўлиб ўтади (харита). Томошабинлар учун мусобақаларга кириш бепул, дея хабар берди федерация матбуот хизмати. Расмий очилиш маросими соат 18:00 га белгиланган, бироқ чиқишлар эртароқ, соат 14:30 да бошланади (дастур).

Бу йил мусобақада Арманистон, Австралия, Озарбайжон, Болгария, Колумбия, Буюк Британия, Грузия, Германия, Италия, Қозоғистон, Латвия, Янги Зеландия, Словения, АҚШ ва Ўзбекистон каби 15 давлат вакиллари иштирок этади.

Кўп йиллар давомида биринчи марта Россия, Беларусь ва Украина гимнастикачилари мусобақада қатнашмайди. Март ойи бошида Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) Россия ва Белорусь терма жамоаларини мусобақадан четлаштишини эълон қилган эди. Дастлаб, FIG ҳар икки давлат спортчиларига давлат байроғи ва мадҳияси остида мусобақаларда қатнашишни тақиқлади. Аммо якунда 7 мартдан бошлаб улар нейтрал мақомда ҳам мусобақада иштирок этмайди деган қарорга келди.

ЎГФ барча гимнастикачилар учун 2022 йилги спорт мавсуми «катта ҳаяжон билан» ўтишини маълум қилди. Бунинг сабаби бир қатор омилларга боғлиқдир.

Биринчидан, бу Олимпиада цикли анча қисқароқ, яъни бу квалификацион стартлар учун кам вақт қолади дегани. Шу йилнинг кузида лицензион жаҳон чемпионати бошланади, унда Париж-2024 учун биринчи квоталар ўйналади.

Иккинчидан, гимнастикачилардан мураккаброқ дастурларни талаб қиладиган ҳакамликдаги янги қоидалар тўплами жорий қилинади.

Учинчидан, гуруҳ машқларида мавзуларнинг ўзгариши. Янги циклга бешта ҳалқа билан, шунингдек, учта лента ва иккита тўп билан машқлар қилиш киритилган.

Қолаверса, кўплаб терма жамоалар асосий таркибини ўзгартирди.

«Ўтмишдаги» лидерлар ўрнини «улғайган» иқтидорли авлод эгалламоқда. Масалан, Токио-2020 олимпиадасидан сўнг Болгария терма жамоаси гуруҳ машқларида ўзининг янги жамоасини тақдим этади", — дейилади хабарда.

Тошкентдаги жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон шарафини Токиодаги Олимпия ўйинлари лицензияси соҳиби, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионати босқичлари ғолиби, жамоа етакчиси Сабина Ташкенбаева ва Осиё чемпиони Тахмина Икромова ҳимоя қилади. Иккала гимнастикачи ҳам Лилия Власованинг шогирди ҳисобланади.

Бундан ташқари, гуруҳ машқларининг янги таркибида Шахзада Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзова, Нилюфар Азамова, Мумтоза Искхакзода, Мария Пак ва Хуршида Абдурауфова иштирок этади. Жамоага Раъно Муҳамедова ва Нилуфар Шамуродова устозлик қилишади.

Ўзбекистонда бадиий гимнастика бўйича бундай юксак миқёсдаги турнирлар илк бор 2004 ва 2005 йилларда ўтказилган. Яна 5 йилдан сўнг, 2010 йилда Тошкентда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўшандан бери пойтахт ҳар йили дунёнинг энг кучли гимнастикачиларига мезбонлик қилади ва турнир мезбонлари турли мақомдаги совринларни қўлга киритиб келишади.