Ўзбекистон ҳукумати тижорат банкларига ўз мижозларини хорижий ҳамкорлар билан ишлашда санкцияларга тушган Россия банклари тўғрисида хабардор қилиш вазифасини юклади.

Бундай топшириқ 28 март куни бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаков бошчилигида ўтказилган «Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича» ҳукумат комиссияси йиғилишида Марказий банк ва тижорат банкларига берилди.

Хусусан, ҳукумат топшириғига биноан, Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда ҳар бир экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишдан олдин маҳаллий корхоналар билан «мижозбай» ишлаган ҳолда хорижий ҳамкорларнинг тижорат банклари санкцияларга тушган ёки тушмаганлигини аниқлаш ҳамда корхоналарни хабардор қилиш тизимини йўлга қўйиши лозим.

14 апрель куни «Ипак Йўли» банки қуйидаги рўйхатда келтирилган Россия банклари ва уларнинг хорижий филиаллари билан, уларга нисбатан қўлланилган санкциялар ва чекловлар сабаб, Россия рублидан ташқари барча турдаги валюталарда халқаро тўловлар тўхтатилганини маълум қилди:

  • Сбербанк;
  • Новиком банк;
  • Промсвязьбанк;
  • Веб банк;
  • Тинькофф банк;
  • Россия банки;
  • Откритие Банк;
  • ВТБ Банк;
  • Альфа банк;
  • Москва кредит банки;
  • Қора денгиз тараққиёт ва тикланиш банки;
  • Беларус тараққиёт ва тикланиш банки;
  • Белинвестбанк;
  • ГЭНБАНК;
  • Саноат жамғарма банки;
  • ОАЖ РОСЭКСИМБАНК;
  • Москва банки;
  • Саровбизнесбанк;
  • Росгосстрах банки;
  • Ветнам-Россия қўшма банки;
  • Ғарбий Сибир тижорат банки.

«Биз барча мижозларимизни пул маблағларининг исталмаган тарзда блокланишига йўл қўймаслик учун хорижий ҳамкорлари билан халқаро ҳисоб-китоб амалиётларини бошқа банкларга ўтказишларини қатъиян тавсия қиламиз», — дейилади банк хабарида.

4 март куни «KDB Bank Ўзбекистон» амалдаги санкция дастурларига кирган турли юрисдикциядаги банклар қатор банклар рўйхатини эълон қилиб, мазкур банклар иштирокидаги ҳар қандай амалиётлар тўхтатиб турилишини маълум қилган эди.

«Агар Сизнинг экспорт, импорт ёки бошқа хорижий шартномаларингиз бўйича иштирок этадиган банк ёки молия ташкилоти санкция киритилган банклар рўйхатида мавжуд бўлса, у ҳолда бенефициар банки муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида ўзгартириш учун қайта кўриб чиқилади», — дея қайд этган KDB Bank.

KDB Bank томонидан тузилган амалдаги рўйхатга, 6 апрел ҳолатига кўра, 53 та хорижий банк, жумладан, Беларусь банклари ҳам киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш фонида Ғарб давлатлари Россия банкларига нисбатан санкциялар жорий қила бошлаган эди.

«Ведомости»нинг экспертларга таяниб ёзишича, SDN рўйхати («қора рўйхат») даги банклар барча халқаро муносабатлардан узиб қўйилган, сабаби АҚШнинг CAATCA («Американинг душманларига санкциялар воситасида қарши туриш тўғрисида») қонунига кўра, дунёдаги ҳар қандай банк SDN рўйхатидаги банк билан йирик битим тузган тақдирда, унинг ўзи иккинчи даражали санкциялар остида қолади.

Бу риск ҳозирча назарий, ҳозиргача бундай прецедентлар кузатилмаган. Бироқ АҚШ аллақачон бутун дунё бўйлаб Россиянинг санкцияга учраган субъектларига кўрсатилган ёрдамлар устидан мониторингни кучайтиришини эълон қилди, бу эса иккиламчи санкциялар хавфи янада жиддийроқ эканидан далолат беради.