Россиянинг Украинага бостириб кириши 2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш даражасини 3,6% гача секинлаштиради. Бу ҳақда Жаҳон банкининг (ЖБ) Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий шарҳида маълум қилинди. Инқирозгача бўлган даврда иқтисодий ўсиш прогнозлари 6% ни ташкил қилган эди.

«Пул ўтказмаларининг (рублнинг қадрсизланиши ва Россия иқтисодиётининг қулаши туфайли) кутилаётган 50% лик пасайиши ҳамда нефть, буғдой ва ўсимлик ёғи нархларининг қимматлашиши шахсий истеъмолни кескин қисқартиради», — дейилади ЖБ прогнозида.

«Ўзбекистон 2022 йилда жаҳон бозорида хомашё (олтин, мис ва табиий газ) нархларининг юқори бўлишидан фойда кўришига қарамай, пул ўтказмаларининг ЯИМга нисбатан 6% гача қисқариши жорий ҳисоб дефицитини ЯИМга нисбатан 10% гача ошишига олиб келиши прогноз қилинмоқда. 2022 йилда Россиядан хорижий инвестициялар қисқариши, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими чекланиши кутилмоқда, қайта тикланиш учун эса вақт талаб этилади», — дея қайд этган ЖБ мутахассислари.

Натижада, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг ўсиши янги давлат қарзларининг жалб этилиши ва захиралардан фойдаланиш ҳисобига молиялаштирилиши кутилмоқда.

Хомашё маҳсулотлари экспортидан олинган даромадлар ва хусусийлаштиришдан тушумлар ҳажмининг ошиши, шунингдек, давлат инвестицияларининг қисқариши пул ўтказмаларига қарам бўлган уй хўжаликларини моддий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган нисбатан юқори ижтимоий харажатларни қоплашга хизмат қилади. Шунингдек, пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши ва кўп сонли меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга қайтиши натижасида мамлакатда қашшоқлик даражаси кескин ўсишининг олдини олиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан 2022 йилда умумий бюджет дефицити ЯИМга нисбатан 4% гача камайиши мумкинлиги айтилмоқда. ЖБга кўра, 2023 йилга қадар кутилаётган фискал консолидация кечиктирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўзбекистон ҳукумати ташқи қарздорликни жалб қилиш бўйича ўз чекловларига амал қилишда давом этиши кутилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2022−2023 йилларда мамлакатнинг давлат қарзи рекорд даражада ўсиб, ЯИМга нисбатан 42% гача етади. Мазкур кўрсаткич 2024 йил охирига келиб ЯИМга нисбатан тахминан 40% даражада барқарорлашади.

«Ушбу прогнозлар Россияга нисбатан санкцияларнинг амал қилиш муддати, АҚШ фоиз ставкаларидаги ўзгаришларнинг потенциал глобал молиявий оқибатлари, COVID-19 нинг кейинги тўлқинлари, шунингдек, савдо ва логистика узилишларининг Ўзбекистон таъминот занжирларига таъсиридан келиб чиққан ҳолда сезиларли даражада қайта кўриб чиқишни талаб этади», — дея қайд этади Жаҳон банки.

Европа ва Марказий Осиё

Украинага қарши уруш ва Россияга қарши санкциялар бутун дунё иқтисодиётига зарба бермоқда. Айни пайтда энг оғир зарбани Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги шаклланаётган бозорга эга бўлган ва ривожланаётган мамлакатлар бошдан кечириши кутилмоқда, дея маълум қилган Жаҳон банки.

Хусусан, урушдан олдинги прогнозлар Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётида 2022 йилда 3% лик ўсишни кўрсатган бўлса, қайта кўриб чиқилган прогнозларга кўра, 4,1% га қисқариши кутилмоқда. Сабаби уруш оқибатидаги иқтисодий зарбалар COVID-19 пандемиясининг ҳалигача давом этаётган таъсирини янада кучайтирмоқда.

«Бу [сўнгги] икки йил ичида иккинчи турғунлик бўлади ва 2020 йилда пандемия келтириб чиқарган турғунликдан икки баравар узоқроқ бўлади», — дейилади ЖБ шарҳида.

Россия иқтисодиёти билан яқин иқтисодий алоқалар сабаб 2022 йилда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда қайд этилган 5,1% дан 2% гача камайиши кутилмоқда.

«Хомашё маҳсулотлари жаҳон нархларининг ошиши, иқтисодиёти мос равишда 1,8% ва 3,6% га ўсиши кутилаётган Қозоғистон ва Ўзбекистонда фаоллик ва фискал балансни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши мумкин. Шу билан бир пайтда, Россиядан пул ўтказмаларига энг кўп қарам бўлган Тожикистон ва Қирғизистонда иқтисодий ўсиш 2022 йилда мос равишда -1,8% ва -5% гача пасаяди».

ЖБ ҳисоб-китобларига кўра, Украина иқтисодиёти 2022 йилда тахминан 45,1% га қисқаради, бироқ қисқариш кўлами урушнинг давомийлиги ва интенсивлигига боғлиқ. «Мисли кўрилмаган санкциялардан азият чекаётган Россия иқтисодиёти аллақачон чуқур рецессияга тушиб улгурди, 2022 йилда мамлакат иқтисодиёти 11,2% га қисқариши кутилмоқда», — дея маълум қилди ЖБ.

«Уруш туфайли юзага келган гуманитар инқирознинг миқёси ҳайратланарли даражада. Россия босқини Украина иқтисодиётига кучли зарба берди ва инфратузилмага катта зарар етказмоқда», — дея таъкидлади ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде.

«Украина ўз иқтисодиёти ишлашда давом этиши, ҳукумат эса бу экстремал вазиятдан азият чекишда ва уни енгиб ўтишда давом этаётган ўз фуқароларини қўллаб-қувватлаш учун курашаётган бир пайтда, мамлакат йирик миқдордаги ва кечиктириб бўлмайдиган молиявий ёрдамга муҳтож», — дея қўшимча қилди у.

Уруш дунё иқтисодиёти ўсиш суръатларининг кескин секинлашиши, инфляция ва қарзлар даражасининг ўсиши, шунингдек, қашшоқлик даражасининг кескин ортиши тўғрисидаги хавотирларни кучайтирди. Иқтисодий таъсир бир қанча йўналишларда, жумладан, хомашё ва молия бозорларида, савдо ва миграция алоқаларида акс этди ва ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатди, дея қайд этган таҳлилчилар.

Минтақадаги буғдой импортининг қарийб 40% қисми, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда эса 75% дан ортиғи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади. Россия, шунингдек, кўплаб мамлакатлар учун асосий экспорт йўналиши ҳисобланади ва Россиядан пул ўтказмалари Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида (Қирғизистон, Тожикистон) ЯИМга нисбатан қарийб 30% ни ташкил этади.

«Минтақадаги мамлакатлар ҳукуматлари ўзларининг макроиқтисодий механизмларини мустаҳкамлашлари, хавфларга қарши туриш ҳамда савдо ва инвестиция оқимларининг потенциал бўлинишига қарши курашиш орқали ўз сиёсатларининг ишончлилигини оширишлари, аҳолининг энг заиф қатламларини, шу жумладан, қочоқларни қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий ҳимоя тизимларини мустаҳкамлашлари ва барқарор келажакни таъминлаш учун энергия самарадорлигини оширишга эътибор қаратишлари лозим», — дея қайд этди ЖБнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Асли Демиргуч-Кунт.

Банк прогнозларига кўра, уруш натижасида юзага келган чуқур гуманитар инқироз урушнинг барча дастлабки зарбалари ичида энг сезиларлиси ва, шу билан бирга, зиддиятнинг энг узоқ муддатли оқибатларидан бири бўлиши мумкин. Украинадан қўшни давлатларга қочқинлар тўлқини аввалги барча инқирозларни ортда қолдириши кутилмоқда. Шу нуқтаи назардан ЖБ қочқинлар оқимининг ортиши муносабати билан ўсиб бораётган молиялаштириш эҳтиёжларини қондириш мақсадида қўшни давлатларни қўллаб-қувватлаш дастурларини тайёрламоқда.

«Шунингдек, уруш ортидан нефтнинг жаҳон нархлари кескин кўтарилиши қайта тикланувчи манбалардан энергия етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда энергия самарадорлигини кучайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни жадаллаштириш орқали энергия хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади ЖБ.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан буён ЖБ Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида 925 млн долларлик фавқулодда молиялаштириш пакетини сафарбар қилди. Тезлаштирилган асосда кўрсатилаётган ушбу ёрдам шифохона ходимларига иш ҳақи, кексалар учун пенсиялар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун ижтимоий дастурларни амалга оширишга йўналтирилади.

Тезлаштирилган молиялаштириш ЖБ томонидан Украина учун келгуси ойларда тайёрланадиган 3 млрд долларлик ёрдам пакетининг бир қисмидир. «Босқин аллақачон Европада Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилган энг йирик қочқинлар инқирозига сабаб бўлди», — дея таъкидлади ЖБ. Банк, ўз навбатида, қабул қилувчи мамлакатлардаги қочқинларни қўллаб-қувватлаш масалаларини кўриб чиқмоқда.