HY-710 рақамли «Минск — Тошкент» рейсини амалга ошираётган Uzbekistan Airways компаниясига тегишли Airbus A320 самолёти «бомба қўйилганлиги» ҳақидаги аноним хабардан сўнг Россиянинг Домодедово аэропортига қўнди. Бу ҳақда «Газета.uz»га авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.

11 апрель куни самолёт Минск миллий аэропортидан жадвал бўйича соат 15.39 (Тошкент вақти билан) да учган.

«А320 ҳаво кемаси Россия Федерациясининг ҳаво маконида бўлган пайтида Uzbekistan Airways АЖ, шунингдек РФ ва Беларусь авиацион хизматлари ходимларининг email-манзилига аноним манзилдан бомба қўйилганлиги ҳақида маълумот келган», — дейилади компания хабарида.

А320 ҳаво кемаси командири Домодедово аэропортида самолётни қўндириб, уни кўрикдан ўтказиш бўйича қарор қабул қилди.

«Тегишли тартибда лайнер, йўловчилар, уларнинг багажлари, юклари ва почталари текширилган. Ҳаво кемасига бомба қўйилганлиги тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топмади», — дея таъкидлади Uzbekistan Airways.

Компания маълумотларига кўра, яқин вақт ичида самолёт ўз йўналиши бўйича ҳавога кўтарилади. Барча 104 нафар йўловчилар хавфсизликда.