Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати янада исийди. Бу ҳақда Ўзгидромет ҳафталик об-ҳаво прогнозини маълум қилди.

Унга кўра, душанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво булутли, қуруқ ва илиқ бўлади. Фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республика бўйича шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг тўзон билан кузатилади. Бухоро, Навоий, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида эса шамол тезлиги 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати куннинг ўртасига келиб, +24…+29 даражани ташкил этади.

Тошкент вилоятида кечаси ва эртага эрталаб, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда куннинг биринчи ярмида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси +14…+19 даража, кундузи +24…+29 даражада бўлади.

13−15 апрель кунларида Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши бошланади. Ушбу даврда ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳафта охирига келиб, ҳарорат меъёрий қийматлардан 6−8 даражага юқори бўлади ва кечалари +14…+19 даража, кундуз кунлари +30…+35 даража атрофида бўлади.