6 апрель куни Tinkoff Global (Сингапур) CloudPayments савдо белгисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк агентлиги базасида маълумотлар пайдо бўлди, деб хабар берди Spot.

Ариза берувчининг фаолият тоифалари:

  • касса аппаратлари, электрон ҳамёнлар;
  • ҳисоб-фактурани расмийлаштириш, тўлов ҳужжатлари, ҳисоботлар тайёрлаш;
  • молиявий хизматлар, банк карталари хизматлари, электрон ҳисоб-китоблар тизимида пул маблағларини ўтказиш, электрон ҳамёнлар орқали тўлов хизматлари;
  • электрон тижорат соҳасидаги транзакциялар учун фойдаланувчи аутентификация хизматлари.

Нашрнинг тахминига кўра, гап 2014 йилда яратилган CloudPayments Интернет-эквайринг хизмати ҳақида кетмоқда. У онлайн-дўконлар учун онлайн тўловларни қабул қилишни, банк карталари орқали тўлашни таъминлайди.

Шунингдек, онлайн тўловларни карталардан веб-сайтлар ва иловаларга улаш, ҳавола ёки QR-кодлар орқали тўловни амалга ошириш имконини беради.

2017 йилда TCS Group Holding (унинг таркибига Tinkoff Bank ва Tinkoff Global киради) CloudPayments`нинг 55% улушини 290 млн рублга (ўша йили тахминан 5 млн доллар) сотиб олди.

2019 йил май ойида сервис асосчилари Дмитрий Спиридонов ва Константин Ян яна 35 фоизни Tinkoff`га сотишди. Кейинчалик Ян қолган 5% ни компанияга ўтказди ва Спиридонов Tinkoff бошқаруви раисининг ўринбосари бўлди.

CloudPayments хизмати 2014 йилда ташкил этилган. 2016 йилда лойиҳа Қозоғистон бозорига чиқди ва у ерда маҳаллий тадбиркордан 3,4 млн доллар йиға олди.


Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, компания Ўзбекистонда 2 март куни устав капитали 10,85 млн сўм бўлган «CloudPayments» МЧЖни очган. Асосий фаолият — маълумотларни жойлаштириш ва қайта ишлаш хизматлари.

Раҳбари — Рустам Каримов, таъсисчиси — «Klaudpayments» МЧЖ. Мазкур маълумотни компаниянинг ўзи тасдиқлади.

«Ҳа, яқин келажакда биз Ўзбекистон Республикасига Tinkoff гуруҳининг тўлов ечимлари билан киришни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда ушбу ишланма доирасида гуруҳнинг тўлов хизматлари савдо белгилари рўйхатдан ўтказилмоқда», — деди «Газета.uz» сўровига CloudPayments матбуот хизмати.

«Газета.uz» хабарига кўра, хизмат вакиллари ҳозирданоқ маҳаллий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, уларга интернет эквайринг хизматларини таклиф қилмоқда.