Украинанинг Краматорск вокзалида ракета ҳужуми уюштирилди. Бу ҳақда Донецк вилояти маъмурияти раҳбари Павел Кириленко Facebook саҳифасида маълум қилди.

«Ракета ҳужуми вақтида станцияда минглаб одамлар бўлган, чунки Донбасс аҳолиси Украинанинг хавфсиз ҳудудларига эвакуация қилинмоқда», — деб ёзди у.

Унинг фикрича, рус қўшинлари қаерга мўлжалга олаётганларини яхши билишган. «Улар имкон қадар кўпроқ тинч аҳолини гаровга олмоқчи», — дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Кейинроқ Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ракета ҳужуми ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

«Босқинчилар „Точка-У“ (тактик ракета мажмуаси — таҳр.) билан Краматорск темир йўл вокзалига зарба беришди, у ерда минглаб тинч аҳоли эвакуация қилинишини кутаётган эди… 30 га яқин одам ҳалок бўлди, 100 га яқин киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олди», — деди Украина президенти баёнотида.

Владимир Зеленский, шунингдек, рус тилида «Болалар учун» ёзуви кўринадиган ракета парчаси видеосини ҳам юклади.

«РИА Новости» Краматорскдан олинган лавҳаларни чоп этиб, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк Халқ Республикаси ҳудудий мудофаа штабига таяниб, зарба Украина хавфсизлик кучлари томонидан «Точки-У» ракетаси билан амалга оширилганини маълум қилди.

«Краматорскдаги маҳаллий аҳоли эвакуация қилинаётган темир йўл вокзали ҳудудига ракета зарбаси берилди. „Точка-У“ ракетаси парчалари темир йўл вокзалига яқин жойга қулаган. Ушбу эскирган Совет ракета тизими ДХР, ЛХР ва Россия Федерациясида хизмат кўрсатмайди. Ундан украиналик жангарилар фаол фойдаланмоқда», — дейилади хабарда.

Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги ҳам Краматорск темир йўл вокзалига уюштирилган ракета зарбаси РФ қўшинлари томонидан амалга оширилганини рад этиб чиқди.

«8 апрель куни Россия қуролли кучларида Краматорск шаҳрига ҳеч қандай ўт очиш вазифаси бўлмаган ва режалаштирилмаган», — дейилади расмий баёнотда.

Мудофаа вазирлиги яна бир бор парчалари Краматорск темир йўл вокзали яқинида аниқланган «Точка-У» тактик ракетаси фақатгина украин қуролли кучлари томонидан қўлланилишини таъкидлади.

«Газета.uz» расмий ва ишончли ахборот манбаларидан фойдаланади. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида эса низонинг турли томонлари тарқатаётган маълумотларни зудлик билан текшириш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермайди.