Тошкентнинг Чилонзор тумани Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчасининг уч нафар ходими 5 апрель куни кечқурун бензин баклари ёнида ҳушсиз ҳолда топилди. Бу ҳақдаги хабар пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармасига соат 19:20 да келиб тушган.

Тез орада ёқилғи қуйиш шохобчасига етиб келган қутқарувчилар жабрланганларни хавфсиз жойга олиб чиққан ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширган. Шундан сўнг ёқилғи қуйиш шохобчаси ходимлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига ётқизилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, заҳарланиш ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида ўрнатилган катта ҳажмли баклар ёнида тўпланган бензин буғлари консентрациясининг ошиши (бензин пари тўпланишидан — таҳр.) билан боғлиқ.

Воқеа жойига жами 15 нафар ходимдан иборат учта қутқарув бригадаси, шунингдек, туман прокуратураси, ИИБ тезкор тергов гуруҳи ва соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари етиб борган.