Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинди.

У ўзининг Facebook`даги саҳифасида ёзишича, Наврўз арафасида таътилни ота-онаси, қариндошлари билан бирга ўтказиш учун Термизга борган.

18 март куни соат 17:30 ларда Термиз шаҳридаги дорихонага кириб, харид якунида сотувчи қиздан чек талаб қилган. Сотувчи қиз эса пластик картага олинган маҳсулотлар учун назорат-касса машинасининг чеки берилмаслиги, бундай харид учун фақат терминал чеки берилишини билдирган.

«Шундан сўнг, „солиққа телефон қилиб, сўраб кўрайми?“ дедим. Бу гапимдан қўрқиб, чек беради деб ўйлагандим. Лекин у „бемалол“ деб жавоб берди. Дўкон ташқарисига чиқиб, солиқ хизматининг ишонч рақамини қидира бошладим. Ниятим — ишонч рақамидаги ходимга вазиятни тушунтириб, уни сотувчи қиз билан гаплаштириб, унинг ҳаракати нотўғри эканини тушунтириш эди. Лекин шунда ҳам ишонч рақамидаги ходимга вазият қайси дорихонада бўлаётганини айтмоқчи эмасдим», — дея сўзлаб берди журналист.

Шундан сўнг, у солиқ хизматининг ишонч рақамини қидириб турган вақтида дорихона сотувчиси (йигит) уни дорихонага олиб кирган ва бошқа мижозлар олдида юзига мушт туширган. «Ҳали солиққа айтмоқчи эдингми, деб куракда турмайдиган сўзлар билан сўкди. Сўнг дорихонадагиларга „Шу козёл бизни жаримага тушириб юрган экан. Мана ушладик“, дея тантанали эълон қилди. XXI асрда мижозга нисбатан қилинаётган бундай муносабатдан шокда эдим», — деб ёзди Аббос Салайдинов.

Шундан сўнг, уларга қаршилик қилишига қарамай, журналистни дорихона эгаси ва ходимлари дорилар сақланадиган омборга олиб киришган. Дорихона эшиклари эса ичкаридан ёпиб қўйилган.

«Куч ишлатиб, омборхона ичкарисига олиб киришди. Дорихона эгаси дорихона сотувчилари кузатувида мени „ифлос, козёл“ дея ҳақорат қилиб, тинимсиз дўппослади. Из қолдирмаслик учун юзимга урмай, кўкрагимга, елкамга, курагимга жами ўндан ошиқ мушт туширди. Куч ишлатиб чарчагандан сўнг сўроқ қилишга тушди. Кимлигимни, қаерда ишлашимни, қаерда яшашимни, дорихонага нима мақсадда келганимни сўради», — дея таъкидлади жабрланувчи.

«Ундан шу саволларни нега зўравонлик қилиб, куч ишлатишдан олдин бермаганини сўрадим, — дея сўзида давом этди журналист. — У ўзи яшаб турган ҳудудни назарда тутиб, „бу ерда ақл эмас, мушт ишлайди“, деди муштини кўрсатиб. Ўзимни батафсил таништирдим. Мақсадим дорихонани жаримага солиш бўлмаганини, назорат-касса машинасининг QR-кодли чекини олмоқчи бўлганимни, сотувчидан шуни талаб қилганимни айтдим».

Унинг сўзларига кўра, чек бермаган дўкон ва дорихоналарни жаримага торттириб, улуш олишни касб қилиб олганлар дўконларда ўзига шубҳа уйғотмаслик учун сотувчилардан умуман чек сўраб ўтирмайди. Дорихона эгаси эса унинг сўзларига ишонишни истамаган ва телефонда Soliq иловасини кўргач, баттар жаҳли чиқиб, унинг «козёл"лигига «ишончи ортиб» яна мушт ишлатишга ўтган.

«Икки кун олдин ҳам жарима тўлагандим. Кап-катта эркаксан, уялмайсанми шу ҳаром пулдан тирикчилик қилишга? Ота-онангнинг олдига олиб бориб уялтирайми? Аввал ҳам биттаси қўлимга тушиб қолганди. Унинг ҳам эсини киритиб қўйганимдан кейин акаси олдимга келиб узр сўраб кетди. Сенинг ҳам ортингдан кимдир келиб бошини эгиб туришини хойлайсанми?» — деди дорихона эгасининг сўзларидан иқтибос келтирди Аббос Салайдинов.

Журналист дорихона унга қоида бўйича пластикда харид қилинганда ҳам QR-кодли чек берилиши лозимлигини, Тошкентдаги дўкон, супермаркетларда шундай чек олиб юрганини айтган. У эса бунга қуйидагича жваоб берган: «Буёқда қонун ишламайди, қонунингни Тошкентга бориб талаб қиласан».

«Дорихона эгаси сўроқ давомида менга турли таҳдидлар ҳам қилди. Хусусан, бўлиб ўтган воқеа ҳақида бирор ерга шикоят қилсам, эртага ўзим Тошкентга қайтиб кетишим, Термизда эса опам ёки синглим қолишини, кутилмаганда уларга бир нимадир бўлиб қолиши, яъни кимдир уларнинг номусига тегишини айтиб таҳдид қилди. Роппа-роса бир соат давом этган „тергов“ якунида ҳеч қаерга шикоят қилмаслигимни айтиб, дорихонадан чиқдим. У эса яна бир марта ҳеч қаерга хабар бермаслик ҳақида огоҳлантириб, ўйлаб иш қилишимни айтиб, „душманнинг биттаси ҳам кўплик қилиши“ билан таҳдид қилди», — деди жабрланувчи.

Унинг фикрича, сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги шу каби тортишувлар аслида тизимли муаммо. «Мен ушбу воқеаларнинг ўзи эмас, уларга сабаб бўлаётган омиллар кўпроқ муҳокама қилинишини хоҳлайман. Бундай ҳолатларга тизимли ечим, олтин ўрталиқ топилишини хоҳлайман», — деди у.

«Ё солиқ тизими тадбиркорларга нисбатан адолатсиз ишлаяпти ё айрим тадбиркорлар даромадини яшириб инсофсизлик қиляпти ёки ҳар иккала вариант ҳам биргаликда амал қиляпти. Йўқса, бундай ҳолатлар юзага келиши керак эмас. Нормал жамиятларда бундай ҳолатлар юз бермайди. Халқ бир-бирига душман бўлиб қоляпти», — деди у.

Таъкидланишича, дорихона эгаси шундай деган: «Сен дўппосланиб, осон қутуляпсан. Агар сени бошқа дорихоначи ёки дўкончи танишларимга берганимда, ўлдириб юборган бўлишарди. Сендайларни излаб, қонингга ташна бўлиб юришибди». «Вазият жуда жиддий. Эртага дўкон ёки дорихонада чек сўраган бирор мижоз оломон қилиниб, ўлдириб қўйилмасидан аввал, вақтида чора кўриш керак. Балки, жаримадан улуш бериш тартибини қайта кўриб чиқиш керакдир», — деди журналист.

«Бирор марта чек бермаган дўкон ё дорихонани жаримага торттирмаганман. Чек сўраганимда беролмаган сотувчилар узр сўраб, кейинроқ буни бартараф қилишини айтганида индамай кетганман. Дўкондан чек талаб қилиб, менга ўхшаб емаган сомсасига пул тўлаганлар ва таҳдидлардан қўрқиб, ҳеч қаерга хабар бермаганлар ҳам талайгина топилса керак. Ўзим ҳуқуқшунос бўлганим учун бунга жим қараб туролмадим», — дея тушунтирди у.

«Воқеани яқинларимга айтганимда, улар дорихоначини кўча қоидалари бўйича тавбасига таянтиришни таклиф қилишди. Аммо мен унга қонунлар Термизда ҳам ишлашини кўрсатиб қўйиш вариантини танладим. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Ички ишлар бўлимига ва Солиқ қўмитасига мурожаат қилганман. Менга етказилган тан жароҳатлари экспертизадан ўтказилиб, ўз тасдиғини топиб улгурган», — дея якунлаган Аббос Салайдинов.

Сурхондарё вилояти прокуратураси мазкур ҳолатни тасдиқлаб, муносабат билдирди.

Мазкур ҳолат бўйича А.Салайдиновнинг мурожаати юзасидан шаҳар ИИБ ХПБ ТП профилактика инспектори томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари ўтказилган.

«Суд тиббиёт экспертизасининг 24 мартдаги ҳулосасига кўра, Аббос Салайдиновнинг олган тан-жароҳати оғирлик даражасига кўра, 6 кун муддатдан ўтмайдиган тез ўтиб кетувчи „Енгил“ тан-жароҳати эканлиги қайд этилган», — дейилади хабарда.

Тўпланган ҳужжатлар, тарафлардан олинган тушунтириш хатлари ва экспертиза хулосасига кўра, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган. Шу боис, жиноят иши қўзғатишни рад этиб, С.Р. (сотувчи) ва Ш. Н. (дорихона эгаси)га нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) ва 52-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан иш қўзғатилди. Қолаверса, Аббос Салайдиновга нисбатан ҳам МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш очилди.

Маъмурий материал 31 март куни мазмунан кўриб чиқиш учун ЖИБ Термиз шаҳар судига юборилган.