Фото: Мухиддин Али
DJ Piligrim: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?
Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Мусиқачи Илҳом Йўлчиев (DJ Piligrim) «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега «Барселона» ишқибози эканлиги ва «Реал Мадрид» мухлислари орасида «Барса» кийимида ўтириш қандайлиги ҳақида гапириб берди.

Интервью 2021 йил 18 ноябрь куни ўтказилган

2009 йилдан бери «Барселона»га мухлислик қиламан. Ўшанда Москвадаги Monolit Records лейблида ишлардим ва кечқурунлари телевизорда футбол томоша қилардим. «Арсенал» — «Барселона» ўйинини яхши эслайман, каталонияликлар лондонликларни шунчаки янчиб ташлашганди. Ўшанда ўзимга ёқадиган футболни кўрдим ва ҳайратда қолдим, севиб қолдим. Ҳаттоки орадан бир қанча вақт ўтиб севимли клубимнинг мадҳиясига ремикс ёздим.
«Барселона» ортидан бутун дунёни кезиб чиқдим
Жамоада қойилмақом йигитлар йиғилган эди. Профессионаллар, сеҳргарлар, файласуфлар, афсунгарлар ва даҳолар. Ярим ҳимояда Иньеста, Месси ва Хави триоси мўжизавий ишларни амалга оширарди. Ва мен: «Бўлди, “Барселона”, ​​мен абадул-абад сеникиман!», дедим.

«Барселона»нинг 2008-2011 йилги Пеп Гвардиола давридаги ўйинини қуйидагича тавсифлаш мумкин: яратиш, майдонда ҳукмронлик қилиш ва ўйинни назорат қилиш, ажойиб ўйин кўрсатиш ва рақибнинг фаол бўлишига йўл қўймаслик.
реклама
реклама
«Барса»нинг 2011 йилдаги барча 11 нафар асосий таркиб ўйинчиси менинг севимли футболчиларим ҳисобланади. Бу идеал жамоа эди, ҳар ким ўз позициясида энг зўри эди. Кейинчалик кўплаб клублар ва терма жамоалар ўша йилги «Барса» футболини ўз ўйинларига тадбиқ қилишди.

Гвардиола даврида жамоа ортидан мен ҳақиқатда бутун дунёни кездим: Португалия, Монако, Франция, Мадрид, Германия. Чунки мен «куле» (Барселона мухлиси — таҳр.), фан-клуб аъзосиман. Биз клуб қўшиқларини куйлардик, байроқларни ҳилпиратардик. Севимли жамоамни қўллайман деб ўнлаб ҳолатларда овозимдан айрилганман.
Лекин сўнгги уч йил давомида «Барса»нинг ўйинини кўзимни юмиб кузатиб келдим. Юрагимни ушлаб, оғир нафас олиб, ўзимни ёмон ҳис қилиб футбол кўрардим. Бир қанча вақт клубимиз бошқарувида унчалик виждонли бўлмаган одамлар ишлади. Собиқ президент Бартомеу (мен уни Бармалей деб атайман) кўп пулларни ўғирлади, нотўғри трансферларни амалга оширди ва ҳозирги президентга фақат муаммоларни қолдирди: молиявий инқироз, қарзлар.
«Барселона»нинг мағлуб бўлиш у ёқда турсин, дуранг ўйнашга ҳам ҳаққи йўқ
Турмуш ўртоғимга қасам ичиб: «Бошқа мухлислик қилмайман, фан-клуб аъзолигини чўздирмайман, битта ҳам футболка ёки пайпоғини сотиб олмайман, ўйинларини ҳам кўрмайман», деган пайтларим бўлган. Кимлар устимдан кулмади, кимлар тупурмади, кимлар омадсизликларимизга бигиз қилиб кўрсатмади, лекин барибир клубга хиёнат қилмадим ва ҳеч қачон хиёнат қилмайман. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам севимли клубинг билан бирга бўлишинг керак. Ҳақиқий муҳаббатни сохтасига алмаштириб бўлмайди. Клубнинг муаммолари ўзи билан, фалсафаси билан боғлиқ эмас эди. Муаммо бошқарувдаги одамларнинг нотўғри ишлар билан шуғулланганликлари ва клубнинг ДНКсига хиёнат қилганликларида эди.

«Барселона» мухлислари «Реал»ни ёқтирмайди. Бу абадий қарама-қаршилик, икки хил фалсафа. «Реал Мадрид» — ҳар қандай юлдузни пулга сотиб оладиган қироллик клуби. У индивидуал шахслардан иборат бўлиб, жамоадаги ҳар бир ўйинчи 2-5 дақиқада ўйин натижасини бир ўзи ҳал қила оладиган супер юлдуз ҳисобланади. «Барселона» эса клубдан каттароқ – бир оила мисоли. Улар майдон ташқарисида ҳам ўзларининг ижтимоий фаоллиги, хайрия ишлари, имконияти чекланганларга ёрдам кўрсатиши билан намуна бўлмоқда. «Барса» – бутун бошли маданият.

«Реал»га қарши ўйинларда кетма-кет тўртта мағлубиятга учрагандик, бу жуда аламли бўлган эди. «Барселона» футболчиларининг мағлуб бўлиш у ёқда турсин, дуранг ўйнашга ҳам ҳаққи йўқ. Улар ҳар доим 3 ёки 5 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари ва ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишлари керак.
Ҳозир клуб раҳбарияти ўзгарди ва биз инқироздан чиқиб кетяпмиз. Биз афсоналарни, «Барселона» ДНКси бўлган одамларни таклиф қилдик. Бу ДНК - «Ла Масия»да («Барселона» болалар футбол мактаби) ўқитиладиган клуб фалсафаси. Бу ерда болаларга чемпионлик ва етакчилик туйғулари сингдирилади. Бу мактабнинг 16-18 ёшли йигитлари аллақачон 30 ёшли профессионаллардек ўйнашади. Дўстлар, томоша қилинг, бизда янги давр. Янги «Барса»нинг янги даври!

Ишончим комилки, бош мураббий Хави келиши билан бутун жаҳон «Барса» дунёдаги энг зўр клуб эканлигини кўради. Ишончим комилки, яқин келажакда биз барча трофейларимизни қайтариб оламиз. Хави клубга қайтганидан ҳамма хурсанд бўлди. Чунки «Барса» кўрсатаётган футбол ажойиб, у сизни ўзига ром этади. Бу ақл футболи эмас, қалб футболи.

Асосий ишим туфайли ҳар доим ҳам ўйинни тўлиқ кўришга улгурмайман, лекин кузатишга ҳаракат қиламан. Каталония дам олиш кунлари электр энергиясини тежайди, шунинг учун «Барселона» кундузи ўйнайди. Бу вақтда Тошкентда соат 20:00 бўлиб, мен эса саҳнада бўламан. Телефонимни ёқаман ва ҳисобни кузатиб бориш учун уни яқин жойга қўяман. Интернет орқали ўйинларни бемалол томоша қила оламан.
Мендан 20 метр нарида Лионель Месси иккита гол урди, менинг устимдан эса пиво қуйишган, сигарет қолдиқларини устимда ўчиришарди, «Реал» байроқлари билан уришарди.
Кичик ўғлим футболга қизиқмайди. Ота-онам кўникиб кетишган, турмуш ўртоғим ҳам. У инсон ўз ҳаётига, оиласига, болаларига кўпроқ вақт ажратиши керак деб ҳисоблайди, лекин мен аллақачон «Барса»га «касал» бўлганман, шунинг учун мени кечир, азизам, лекин мен умрим охиригача «Барса» ишқибозиман.

Одамлар бутун умри давомида Эль Класикони («Реал Мадрид» ва «Барселона» ўртасидаги ўйин) жонли томоша қилишни орзу қилади. Мен олтита Эль-класикода бўлганман, тўрттасида ғалаба қозонганмиз, биттасида дуранг ўйнаганмиз, биттасида мағлуб бўлганмиз.

Энг эсда қоларли «Эль-Класико»лардан бири 2011 йилнинг 2 апрелида бўлиб ўтган. Ушбу Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинда «Барса» мадридликларга қарши ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўшанда «Реал Мадрид» фан-клуби трибунасида «Барселона» либосида ўтиргандим. Мендан 20 метр нарида Лионель Месси иккита гол урди, менинг устимдан эса пиво қуйишган, сигарет қолдиқларини устимда ўчиришарди, «Реал» байроқлари билан уришарди. Кейин зирҳли ва автоматли тўртта гвардия ходими мени ўзлари билан ўраб, олиб чиқиб кетишди. Мен эса бақирардим: “I am sorry. Russo turisto, I am sorry” (Кечирасиз. Мен рус туристиман). Бу видеони Каталониядаги қайсидир ресторанда кўрсатсам, улар мендан пул олишмайди, мен билан суратга тушишади.
реклама
реклама
Футбол — бу фаол шахмат, замонавий гладиаторлар жанги. Ўйин орқали эркаклар стадионда ва телевизор экранларида барча салбий ҳиссиётларини сочадилар. Футбол театр каби гўзал ва таъсирчан бўлса, у ҳаётга айланади.

Футболчиларнинг қаерданлиги, ким эканлиги муҳим эмас. Биз барчамиз диний ёки ирқий мансублигимиздан қатъи назар инсонлармиз, ҳаммамизнинг ичимизда бир руҳ бор. Унинг номи эса севги. Ва бу севги менда 14 йилдан бери яшайди. Visca el Barca y visca Catalunya (Яшасин «Барса», яшасин Каталония).
Матн: Давлат Умаров
Фотосуратлар муаллифи Мухиддин Али, DJ Piligrim.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.